2021 йилда Афғонистонда афюн етиштириш ҳажми 8 фоизга ўсиб, 6,8 минг тоннага етди. БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг (UNODC) огоҳлантиришича, мазкур ўсиш кўрсаткичлари 320 тонна соф героин дунё бўйлаб бозорларга киришини англатади. Бу ҳақда ташкилотнинг Афғонистондаги наркотик моддалар ишлаб чиқариш билан боғлиқ вазият бўйича янги ҳисоботида айтилмоқда.

Унда қайд этилишича, мамлакат дунёдаги барча истеъмолчиларнинг 80 фоизини опиат билан таъминлайди. Ўтган йили афюннинг 85 фоизи Афғонистонда ишлаб чиқарилган.

БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг янги тадқиқоти июль ойида якунланди.

«Афғонистондаги ҳозирги вазият халқаро ҳамжамиятнинг шошилинч аралашувини талаб қилмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг афғон халқини қўллаб-қувватлаши доирасида гиёҳванд моддаларни ноқонуний етиштириш ва ишлаб чиқаришни, шунингдек, дунёда ушбу маҳсулотларга бўлган талабни барқарор камайтиришга эришиш зарур», — дейди бошқарма раҳбари Гада Вали.

Тадқиқот натижалари 58 давлат ва 23 ташкилот томонидан қўллаб-қувватланган Афғонистондан опиатларнинг ноқонуний савдосига қарши кураш бўйича Париж ташаббуси иштирокчилари йиғилишида ҳужжат сифатида эълон қилинди. Муҳокамалар якунида тўрт йўналиш бўйича тавсиялар эълон қилиниши кутилмоқда, жумладан, трансчегаравий ҳамкорлик, ноқонуний молиявий оқимларни аниқлаш ва блоклаш, прекурсорли кимёвий моддаларнинг тарқалишининг олдини олиш, гиёҳвандлик профилактикаси ва уни даволаш.

Бошқарма маълумотларига кўра, 2021 йилда опиат ишлаб чиқаришдан олинган фойда 1,8 дан 2,7 млрд долларгача бўлган ва уларни мамлакат ташқарисида сотиш анча кўп даромад келтирган. Афғонистондаги сиёсий беқарорлик афюн нархининг ошишига олиб келди, бу эса май ойидаги кўрсаткичдан деярли икки баравар ошди. Нархларнинг ошиши фермерларни ишлаб чиқаришни янада кўпайтиришга ундаши мумкин, дейилади бошқарма ҳисоботида.

Аввалроқ, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов «Толибон»нинг халқаро ҳамжамият олдидаги мажбуриятларини эслатган эди. Улар қаторида халқаро терроризм ва наркотрафикга қарши кураш ҳам кўрсатилган.