17 ноябрдан бошлаб Ўзбекистонда автомобилларга газ тўлдириш компрессор станцияларида хизмат кўрсатиш графигига вақтинчалик чеклов ўрнатилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ва «Ўзтрансгаз» АЖ матбуот хизматлари «Газета.uz»га хабар берди.

Энергетика вазирлиги магистрал ва тақсимловчи газ қувурлари ишида технологик режим бузилишларнинг олдини олиш мақсадида автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида кечки ва тунгги вақтлари оралиғида чекловлар жорий қилинишини айтиб ўтди.

Бундай чора Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги қарорида кўзда тутилган.

Шу муносабат билан бугунги кунда газ қуйиш шохобчалари фаолиятига бундай чекловлар вилоят ҳокимликлари томонидан тасдиқланган жадвалга асосан жорий қилинмоқда. «Ўзтрансгаз» АЖнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, Жиззах вилоятидаги 68 та газ қуйиш шохобчасида соат 17:00 дан 23:00 гача газ таъминоти тўхтатилади. Ушбу жадвал ҳаво ҳарорати кескин пасайганда кучга киради.

«Бундан мақсад биринчи навбатда табиий газ етказиб берилиши муҳим ҳисобланган аҳоли, шифохона, мактаб ҳамда мактабгача таълим ташкилоти каби аҳамиятга эга муассасалар, шунингдек, электр энергияси ишлаб чиқарувчи йирик станцияларнинг табиий газ таъминотида барқарорлигини таъминлашдан иборат», — дейилади Энергетика вазирлиги хабарда.

Вазирлик вактинчалик чеклов чоралари ҳаво ҳарорати бироз кўтарилгунга қадар давом этишини хамда АГТКШ тез орада аввалги тартибда ишлаш режимига ўтишини қўшимча қилди.

Аввалроқ Ўзгидромет сешанба куни мамлакатга Волга бўйи орқали нам ва совуқ ҳаво массаси кириб келиши ҳақида хабар берган эди.