Украинада COVID-19 дельта штаммининг 11 варианти аниқланди

Украина олимлари мамлакатда айланиб юрувчи COVID-19 вирусининг 11 хил дельта штаммини аниқлади, дея хабар беради РИА Новости.

«Молекуляр биология ва генетика институти олимлари томонидан турли ҳудудларда коронавирус билан касалланган беморлардан олинган намуналарнинг сўнгги таҳлилларига кўра, Украинада дельта штаммининг 11 хил варианти аниқланди. Дельта штаммининг SARS-CoV-2 дея номланувчи тури мамлакатда коронавирусга чалинганларнинг 60 фоизида кузатилмоқда. Шунингдек, олимлар АҚШ ва Буюк Британия ҳамда бошқа Европа мамлакатларидан келиб чиққан яна ўнта вариантини топди», — дейилади хабарда.


Польша 15 декабрдан Беларус билан чегарада тўсиқ қуришни бошлайди

Польша ҳукумати 15 декабрь куни Беларус билан чегарада янги тўсиқ қурилишини бошлаш ниятида. Бу ҳақда Польша телевидениесида республикадаги ҳукмрон «Қонун ва адолат» партиясидан сенатор Кшиштоф Мруз маълум қилди.

«Қурилиш ишлари 15 декабрда бошланади», — дея таъкидлаган сенатор.

Миграция инқирози туфайли Польша Белоруссия билан чегарада баландлиги 5,5 метр бўлган янги ва ишончли структура учун 1,615 миллиард злотий (тахминан 400 миллион доллар) ажратади. Шундан 115 миллион злотийси (27 млн доллар) техник жиҳозлар — датчиклар, кузатув ускуналари ва бошқа замонавий асбобларга сарфланади. Бу маблағларнинг барчаси мамлакат бюджетидан ажратилади. Қурилиш 2022 йилнинг биринчи ярмида якунланиши режалаштирилган. Мамлакатнинг Беларус билан чегарасининг умумий узунлиги 418 км. Янги тўсиқ 180 км га чўзилади — ТАСС.

Шунингдек:

  • Европа комиссияси Беларус ва Польша чегарасида тўпланиб қолган муҳожирларга шошилинч ёрдам кўрсатиш учун 700 минг евро ажратишини маълум қилди. Маблағлар Халқаро Қизил Хоч қўмитаси орқали ўтказилади ва озиқ-овқат, кўрпа-тўшак, дори-дармонлар ва гигиена воситаларини сотиб олишга йўналтирилади — РИА Новости.

Қозоғистонда уй портлаши оқибатида 10 киши яраланди, 3 киши ҳалок бўлди

Қозоғистон шимолида, Оқмўла вилоятининг Шортанди қишлоғидаги турар-жой биносида портлаш содир бўлди. Бу ҳақда республика Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматига таяниб Коммерсантъ хабар берди.

Портлашдан кейин ёнғин бошланган. Таъкидланишича, уйда газ баллони портлаган. Ҳодиса оқибатида уч киши ҳалок бўлган, ўн киши жароҳатланган.


Авcтрия ва Венгрияда коронавирусга чалиниш ҳолатлари бўйича антирекорд қайд этилди

Охирги кун ичида Австрия шифокорлари 14,4 мингдан ортиқ янги коронавирус инфекцияси ҳолатини аниқлади.

Бу Австрияда пандемия бошланганидан бери энг юқори кўрсаткич бўлиб, бундан олдинги антирекорд бир йил аввал қайд этилган ва унда 9,5 мингта ҳолат кузатилган. Австрия Ғарбий Европада вакцина олиш бўйича энг паст кўрсатгкичига эга. Аҳолининг тахминан 35 фоизи коронавирусна қарши вакцина олмаган. Бу ҳақда Интерфакс хабар берди.

Автриянинг қўшниси Венгрияда ҳам жорий йилнинг баҳоридан бери энг юқори ўсиш қайд этилди. Кун давомида 10,2 мингта коронавирус ҳолати аниқланган. Шунингдек, ўлим кўрсаткичи бўйича ҳам антирекорд ўрнатилган — 178 та.

Қайд этилишича, Венгрияда аҳолининг қарийб 40 фоизи коронавирусга қарши вакцинанинг бир дозасини ҳам олмаган.


Ҳиндистоннинг ғарбий қисмида 16 ёшли қиз юзлаб эркаклар томонидан зўрланганини айтди

Ҳиндистоннинг ғарбий қисмида 16 ёшли қиз ўзини юзлаб эркаклар зўрлаганини даъво қилганидан сўнг камида етти нафар эркак ҳибсга олинди.

11 ноябрь куни Ҳиндистоннинг Болаларни ҳимоя қилиш қўмитасига (CWC) баёнотига кўра, бошпанасиз қолган қиз Махараштра штатида 400 киши томонидан зўрланган. Баёнотда айтилишича, у ўз шикоятида икки полициячини ҳам кўрсатган.

Қўмита раисининг сўзларига кўра, қиз уни калтаклаганликда айблаган эркак устидан полицияга шикоят қилмоқчи бўлган, аммо зобитлар буни рўйхатга олишмаган. Душанба куни CNN нашри полиция билан боғланганда, полиция қизнинг уларга қарши даъволарига изоҳ бермаган.

Полиция баёнотига кўра, қиз полицияга 13 ёшида уни жинсий зўравонлик қилган 33 ёшли эркакка турмушга беришганини айтган. Шунингдек, у полицияга отаси томонидан жинсий тажовузга учраганини ҳам таъкидлаган.

Ҳиндистондаги Аёллар ҳуқуқи фаоллари тоиҳмонидан ушбу ҳолат «тарихдаги энг фожеалиси» дея таърифланган ва полиция қизни ҳимоя қилмаганлиги таъкидланган.