Бухоро вилояти Когон шаҳрида тупроқ ўпирилиши натижасида икки киши ҳалок бўлди, дея хабар қилди Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳодиса 16 ноябрь куни соат 14:50да Когон шаҳар «Дўстлик» МФЙ Дўстлик кўчасида «61-Автокорхона» МЧЖ томонидан оқава сув қувурларини ётқизиш ишлари олиб бораётганда содир бўлди. 5−6 метр чуқурликда, эни 3 метр оралиғда кавланган чуқурликда 1000 мм. ли сув қувурлари ётқизилаётган вақтда чуқурнинг чап томони ўпирилиб тушган.

Натижада икки нафар ишчини тупроқ ва қум босиб қолган.

Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарувчилари томонидан воқеа жойида олиб борилган тезкор қидирув ишлари натижасида икки нафар фуқаронинг жасади тупроқ остидан олиб чиқилди.

Воқеа жойига ФВБ, ИИБ, ССБ ва Прокуратура раҳбарияти ва тезкор-тергов гуруҳи чиққан.

Мазкур ҳодиса юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.