Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташаббуси билан ишлаб чиқилган янги қонун лойиҳасида давлат органларида қариндошлик алоқаларига йўл қўйганлик учун жавобгарликни белгилаш таклифи билдирилди.

Ҳужжат билан Меҳнат кодексига ўзгартириш киритиш, жумладан, 79 моддани қуйидаги таҳрирда баён этиш кўзда тутилмоқда:

Ўзаро яқин қариндош (тўғри шажара) ёки қуда-анда бўлган шахсларнинг (катта бобо-бувилар, бобо-бувилар, ота-оналар, ўғил ва қизлар, невара ва эваралар, эр-хотинлар, шунингдек эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва болалари), башарти улардан бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қиладиган бўлса, бир давлат корхонаси ва унинг таркибидаги тузилмаларда бирга хизмат қилишлари тақиқланади.

Ўзаро қариндошлар (ён шажара)нинг (ака-ука, опа-сингил, уларнинг болалари, ота-онанинг ака-ука ва опа-сингиллари ҳамда уларнинг болалари, бобо ва бувиларнинг ака-ука ҳамда опа-сингиллари ва уларнинг болалари ҳамда шунга ўхшашлар), бир давлат ташкилоти ва унинг таркибидаги тузилмалар бири иккинчисига бевосита бўйсинувда ёки унинг назорати остида бўлганда хизмат қилишига йўл қўйилмайди.

Давлат хизматчиси ўзаро қариндошлик ришталарига эга бўлган шахс билан хизмат қилаётганлиги ўзига маълум бўлган вақтдан бошлаб 10 кун ичида давлат ташкилоти раҳбарига бу ҳақида хабар бериши лозим.

Мазкур моддада кўрсатилган ҳолатлар ходим билан меҳнат шартномаси тузилгандан сўнг аниқланган тақдирда, иш берувчи ушбу ходимлардан бирини, бири иккинчисига бевосита ёки унинг назорати остида бўлмаган аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим)га ўтказиш чораларини кўриши шарт.

Шунингдек, «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддаси «аҳоли бандлигини таъминлашда қариндош-уруғчилик ва бошқа суиистеъмолчиликларга йўл қўйилмаслиги» билан тўлдирилди.

Юқоридаги келтирилган нормаларни бузганлик, яъни иш берувчини хабардор этмаганлик учун БҲМнинг 15 бараваридан 20 бараваригача (4 млн 50 минг сўмдан — 5 млн 400 минг сўмгача) миқдорда жарима солиш таклиф қилинган. Тегишли чораларни кўрмаган иш берувчига эса БҲМнинг 25 бараваридан 30 бараваригача (6 млн 750 минг сўмдан — 8 млн 100 минг сўмгача) миқдорда жарима солиниши мумкин.

Жамоатчилик муҳокамаси 15 ноябрдан 30 ноябргача қадар давом этади.