earth.com сайти қуюқ чангли туман билан қопланган Тошкентнинг NASA Ер обсерваториясидан (NASA Earth Observatory) олинган суратини кун фотоси сифатида эълон қилди. Хабарда мазкур ноодатий чанг бўронига шамол тезлиги 89 км/соатгача бўлган антициклон бўрон сабаб бўлгани айтилган.

Тасвир 2021 йил 5 ноябрда NASA`нинг Терра сунъий йўлдошида Moderate Resolution Imaging Spectroradiometer (MODIS) томонидан олинган. Манба: earth.com

NASA маълумотларига кўра, чангнинг бир қисми Қозоғистоннинг Туркистон вилояти шимолий-шарқидаги қуриган экин майдонлари, яйловлар ва ўтлоқлардан келиб чиққан.

«Ўзгидромет» ҳавонинг PM10 зарралар билан ифлосланиш даражаси ҳар кубометр учун 18 минг микрограмгача кўтарилганини маълум қилди. Чанг концентрацияси вақти-вақти билан ифлосланишнинг хавфсиз деб ҳисобланадиган чегарасидан 30 баравар юқори даражага етгани айтилди.

«Ўзгидромет» маълумотларига кўра, бундай ҳодиса мамлакатда 150 йил ичида, яъни бутун метеорологик кузатувлар давомида биринчи марта кузатилган.

«Агар ушбу ҳисоб-китоблар тўғри бўлса, бу PM зарраларининг шаҳар ҳудудлар учун ҳақиқатдан ҳам мисли кўрилмаган ва ўта хавфли даражасидир», — дея қайд этди Эл Пасодаги Техас университетининг иқлимшунос олими Томас Гилл.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ Атроф-муҳит муҳофазаси агентлиги PM10 зарралар учун ўрнатган ўртача 24 соатлик чегара бир кубометрга 150 микрограмни ташкил этади.

«Мен гувоҳи бўлган энг юқори чанг концентрацияси Техаснинг Эл-Пасо шаҳрида қайд этилган — PM10 зарралари ҳар бир кубометр учун 5 минг микрограмм атрофида бўлган. Бундан келиб чиқадики, Ўзбекистондаги қайд этилган даража Эл-Пасода кўрганимдан тахминан тўрт баробар ёмонроқ. Бу шаҳар ҳудуди атмосфера ҳавосида қайд этилган энг йирик PM10 қийматларидан бири бўлиши мумкин», — дея таъкидлаган Томас Гилл.

4 ноябрь куни кечқурун Ўзбекистоннинг бир қанча ҳудудлари, жумладан Тошкентда кучли шамол тупроқнинг жуда қуриб қолган устки қатламини атмосферага кўтариши натижасида ғайриоддий чанг-қумли бўрон кузатилган эди.

8 ноябрь соат ҳолатига кўра, Тошкент шаҳрида ҳаводаги чанг концентрацияси нормал кўрсаткичга қайтгани хабар қилинди.