Ливия ҳукумати Каддафийнинг ўғли топширган президентлик сайловларида қатнашиш тўғрисидаги аризани рад этди

Ливия Олий сайлов комиссияси Сайф ал-Ислом Каддафийнинг президентликка номзод бўлиш ҳақидаги аризасини рад этишга қарор қилди. Бунга Каддафий номзодлигига қарши намойишлар сабаб бўлган. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

Аввалроқ ОАВ Каддафий номзодига қарши намойишчилар Завия, Злитен ва Гарьян шаҳарларида сайлов комиссиялари ишини тўхтатишга мажбур қилгани ҳақида хабар берган эди.

«Барқарорлик бузилгани ва комиссиянинг бир қатор бўлимлари ёпилганини инобатга олиб, комиссия Сейф ал-Ислом Каддафий номзодини рад этишга қарор қилди», — деди комиссия раҳбари Имад ас-Саиҳ.


Ливерпуль шаҳрида теракт содир этилди

Британия ҳуқуқ-тартибот идоралари Ливерпулдаги шифохона яқинида таксининг портлашини теракт деб баҳоламоқда. Бунинг натижасида портловчи мосламани ишга туширган террорчи йўқ қилинган, машина ҳайдовчиси эса жароҳатланган. Бу ҳақда душанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида полициянинг терроризмга қарши кураш бўлими вакили Расс Жексон маълум қилди.

Аввалроқ Ливерпуль шаҳри раҳбарияти такси ҳайдовчиси Девид Перрининг ҳаракатлари туфайли кўплаб қурбонларнинг қутқарилганини таъкидлаган. У касалхонага кираверишда йўловчининг ғалати хатти-ҳаракатини пайқаб, уни машинага қамаб қўйган. Перрининг ўзи портлашдан бир неча дақиқа олдин таксидан сакраб тушишга муваффақ бўлган. Воқеа содир бўлганидан сўнг, дарҳол у олган жароҳатлари туфайли касалхонага ётқизилган. Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон такси ҳайдовчисининг ҳаракатини «буюк жасорат ва теран ақлнинг намоён бўлиши» деб атади — ТАСС.


АҚШ Украинага 80 тонна ўқ-дори юборди

Украина АҚШдан 80 тонна ўқ-дориларни қабул қилиб олди. АҚШнинг Киевдаги элчихонаси бу Вашингтоннинг хавфсизлик бўйича 60 миллион долларлик тўртинчи ёрдами эканлигини айтди.

«Украина АҚШдан 80 тоннага яқин ўқ-дорилар олди. Бу президент Байден август ойида Украинага тақдим этган 60 миллион долларлик қўшимча хавфсизлик ёрдамининг тўртинчи етказиб берилиши эди», — дейилади элчихона Twitter саҳифасида.

АҚШ президенти Жо Байден август ойида Украинага 60 миллион доллар ажратишни буюрган эди. Пул АҚШ Мудофаа вазирлигининг мудофаа маҳсулотлари ва хизматлари, ҳарбий таълим ва тайёргарликларга йўналтирилган.


Буркина-Фасо шимолида қуролли ҳужум оқибатида 20 киши ҳалок бўлди

Буркина-Фасо шимолида жангариларнинг ҳужуми оқибатида камида 19 нафар полициячи ва бир маҳаллий аҳоли ҳалок бўлди. Бу ҳақда якшанба куни Agence France-Presse хабар берди.

«Бизда 20 киши ҳалок бўлгани ҳақида дастлабки маълумотлар бор, улардан бири тинч аҳоли», — дея мамлакат хавфсизлик вазирининг сўзларидан иқтибос келтирган нашр.

Буркина-Фасо сўнгги уч йил ичида Ғарбий Африкадаги исломий гуруҳларнинг террорчилик фаолияти марказига айланди. Мамлакатда «Исломий давлат» тузилмаси ҳисобланган «Катта Саҳрои Кабирдаги Исломий давлат» ва «Ансор ул-Ислом» гуруҳлари мавжуд. Бу даврда террорчилар 1000 дан ортиқ тинч аҳолини ўлдирди, зўравонликлар туфайли 1,5 миллиондан ортиқ одам ўз уйини ташлаб, қочқинга айланди — ТАСС.


Норвегияда дельта штаммининг янги варианти аниқланди

Норвегияда дельта штаммининг янги тури топилди, деб хабар берди РИА Новости.

У биринчи марта июнь ойида аниқланган. Янги версия бутун мамлакат бўйлаб тарқалди ва AY.63 белгисини олди. Мутахассисларнинг фикрича, янги штамм бошқаларидан хавфли эмас, шунингдек, вакцина ундан ишончли ҳимоя қилади.