Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси Ўзбекистон ва Қирғизистонда «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами соҳасида юқумли бўлмаган касалликларни олдини олиш ва назорат қилиш бўйича хизматлардан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш» йиллик лойиҳасини ишга туширмоқда.

Бу ҳақда 15 ноябрь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Бутунжаҳон қандли диабетга қарши курашиш жамғармаси ҳамкорлигида икки давлат соғлиқни сақлаш вазирликлари вакиллари иштирокида ўтказилган юқори даражадаги тадбирда маълум қилинди.

«Газета.uz»га ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси хабар беришича, Бутунжаҳон қандли диабет жамғармаси томонидан молиялаштирилган лойиҳа 1 млн доллардан ортиқ бюджетга эга бўлиб, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, шу жумладан 2030 йилга қадар юқумли бўлмаган касалликлардан келиб чиқадиган эрта ўлимнинг учдан бирини камайтиришга ва умумий тиббий қамровни таъминлашга хизмат қилади.

Қандли диабет юқумли бўлмаган касалликларнинг тўртта асосий туридан биридир. Халқаро диабет федерацияси маълумотларига кўра, дунё бўйлаб 425 миллиондан ортиқ одам ушбу касалликдан азият чекмоқда ва уларнинг аксарияти диабетнинг иккинчи тоифаси билан оғриган беморлардир. Ўзбекистонда қандли диабет билан касалланганлар сони 245 минг нафардан ортиқ бўлиб, шундан 2300 нафардан ортиғи болалар ва 879 нафари ўсмирлар ҳисобланади.

Тадбирда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири ва ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари (пастки чап бурчакда) иштирок этди. Фото: ЖССТ.

Лойиҳанинг мақсади бирламчи тиббий ёрдамга эътибор қаратган ҳолда клиник амалиётда юқумли бўлмаган касалликлар асоратларини назорат қилиш ва олдини олиш сифатини ошириш орқали умумий тиббий қамровга эришишга ёрдам беришдан иборат.

Беморларни терапевтик ўқитиш орқали мазкур турдаги ва сурункали касалликларни ўз-ўзини назорат қилиш сифатини ошириш ва ҳамширалар ҳамда бошқа тиббиёт мутахассисларининг ваколатларини кенгайтириш, шунингдек, далилларга асосланган сиёсатни амалга ошириш ва тизимли тиббий ёрдамни жорий этиш орқали стратегик етакчиликни кучайтириш керак, дея қайд этилган ЖССТ баёнотида.

Лойиҳа натижасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами гуруҳлари салоҳиятини кучайтириш, қандли диабетга чалинган беморларда оёқ парвариши бўйича ҳамшираларни ўқитиш ва уни олдини олиш, қандли диабетни ўзи назорат қилиши бўйича тренингларда рўйхатга олинган беморлар сонини кўпайтириш, оёқларни мунтазам текшириш ва диабетик ретинопатия скринингидан ўтказиш ҳамда диабет билан оғриган беморларда диабет ва қон босимини яхшироқ назорат қилишга эришиш кўзда тутилган.