БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) Афғонистонда ёш никоҳлар сони ортиб бораётганидан хавотирда. Тегишли баёнот ташкилотнинг ижрочи директори Генриетты Фор номидан жамғарма сайтида эълон қилинди.

«Биз 20 кунлик қизларни маҳр эвазига никоҳга таклиф қилишаётган оилалар ҳақида ишончли маълумот олдик», — деди Генриетта Фор. — Сўнгги сиёсий беқарорликдан олдин ҳам ЮНИСEФ ҳамкорлари 2018 ва 2019 йиллар давомида биргина Ҳирот ва Бодғис вилоятларида 183 та бола никоҳи ва 10 та бола савдоси ҳолатини қайд этган. Болалар 6 ойликдан 17 ёшгача бўлган.

COVID-19 пандемияси, давом этаётган озиқ-овқат инқирози ва қишнинг бошланиши оилаларнинг аҳволини янада оғирлаштирди. Баёнотда айтилишича, 2020 йилда Афғонистон аҳолисининг қарийб ярми шунчалик камбағал эдики, уларда ҳатто озиқ-овқат ёки тоза сув каби асосий эҳтиёж маҳсулотлари ҳам йўқ бўлган.

«Афғонистондаги ўта оғир иқтисодий вазият кўпроқ оилаларни янада қашшоқликка дучор қилмоқда ва уларни фарзандларини ишга юбориш ёки эрта ёшда қизларни турмушга бериш каби умидсиз танлов қилишга мажбур қилмоқда. Аксарият ўсмир қизларга ҳали ҳам мактабга қайтишга рухсат берилмагани сабабли, эрта ёшда турмушга чиқиш хавфи энди янада юқори. Таълим кўпинча болалар никоҳи ва болалар меҳнати каби салбий механизмларга қарши энг яхши ҳимоя ҳисобланади», — дея таъкидланди ЮНИCЕФ баёнотида.

Афғонистонда эрта турмуш қуриш каби кенг тарқалган ҳодиса оиладаги зўравонлик ҳамда аёлларга нисбатан камситишга ва оқибатда психологик муаммоларга олиб келиши мумкин, дейилади баёнотда.

ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, 15 ёшдан 49 ёшгача бўлган афғон аёлларининг 28 фоизи 18 ёшга тўлмасдан турмушга чиққан.

ЮНИСЕФ энг заиф оилалар орасида очлик, болалар меҳнати ва болалар никоҳи хавфини камайтиришга ёрдам бериш учун молиявий ёрдам дастурини бошлаган. Ташкилот, шунингдек, диний етакчилар билан улар томонидан ёш қизларнинг никоҳ маросимини ўтказмасликлари учун иш олиб боради.

«Аммо бу етарли эмас. Биз марказий, вилоят ва маҳаллий ҳокимият органларини ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ва қизларни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўришга чақирамиз. Биз расмийларни қизларнинг мактабга қайтишига устувор аҳамият беришни ва аёл ўқитувчиларга ўз фаолиятини давом эттиришига рухсат беришга чақирамиз», — дейилади баёнотда.

Аввалроқ, Афғонистонда қашшоқлик ва очарчиликдан азият чекаётган аҳоли орасида жон сақлаб қолиш илинжида вояга етмаган қизларини турмушга сотиш ҳолатлари сони ортиб бораётгани ҳақидаги мақола эълон қилинган эди. «Толибон» расмийси эрта никоҳ ҳолатларини иқтисодий муаммолар билан изоҳлаб, бунга амирлик ёки шариат қоидаларининг алоқаси йўқлигини таъкидлаган.