Жорий йилнинг 16 ноябрь куни Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларига, 17−18 ноябрь кунлари республиканинг барча ҳудудига Волга бўйи орқали Россиянинг Европа ҳудуди (Москва вилояти) устида шаклланган нам ва совуқ ҳаво массаси кириб келади, дея хабар берди Ўзгидромет.

Хабарга кўра, 16−17 ноябрда республика бўйича шамол тезлиги 17−22 м/с гача кучайиши кутилмоқда, баъзида 25−28 м/с гача кўтарилиши мумкин, баъзи жойларда чангли бўрон бўлади.

Шунингдек, 16 ноябрда Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида, 17 ноябрда Ўзбекистоннинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик (ёмғир, қорга айланади) бўлади. 17−18 ноябрда тоғ олди ва тоғли ҳудудларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) баъзи жойларда кучли бўлади.

Республика бўйича ҳарорат кескин пасайиши кутилмоқда. 16−17 ноябрда шимолий ҳудудларда, 17−18 ноябрда Ўзбекистоннинг қолган ҳудудларида ҳарорат кечалари 5−8° совуқгача, кундуз кунлари 0−3° илиқгача, шимолда кечалари 12−15° совуқгача, кундуз кунлари 0−3° совуқгача пасайиши кутилмоқда.