Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов шанба куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида асосий эътиборни олий таълим тизимини рақамлаштириш масаласига қаратди.

Унинг сўзларига кўра, «дунё тажрибасида тизим рақамлаштирилса, инсон омили минималлаштирилса, коррупция бўлмайди».

Бунинг учун Hemis ахборот дастури ишга туширилгани ва у орқали маъмурий, ўқув, илмий, молиявий йўналишлар бўйича барчаси рақамлаштирилиши таъкидланди. «Бу очиқлик, шаффофлик, адолатни беради, вақтни иқтисод қилади, энг муҳими харажатни қисқартиради», — деди у.

Вазирнинг айтишича, рақамлаштириш барча жараёнга бирдек таъсир қилади.

«Ўшанинг учун ҳам бугундан ректорлар киришиши керак, Ўзбекистон олий таълим тизимида журнал, рейтинг дафтарча қоғоз кўринишда бўлмайди. Талаба гувоҳномасини ҳам ID картага ўтказиш ва унда барча маълумотлар сақланиши бўйича бюджет лойиҳаси ўтди. Бу ҳам муҳокамада ҳозир», — деди Абдуқодир Тошқулов.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, энди ҳар бир факультетга кирганда кўзга ташланиб турувчи, A1 ва А2 форматдаги ўқув проректори тасдиқлаган дарс жадвали — бу кўрсаткич эмас.

«Вазир, масъуллар борганида талабанинг қўлидан смартфонини олиб, уни иловада кўрсатиб бериши, дарс жадвали унинг телефонида бўлиши керак. Ота-онасининг телефонида бўлиши керак», — деди у.

У шунингдек, хорижлик ҳамкасблари олдида уялиб қолаётганини ҳам айтиб ўтди.

«Мен ҳозир хорижлик ректор ҳамкасбимиз олдида — буни энди қилаяпмиз дейишга уялаяпман. Бу 10−15 йил олдин Европа, Ғарбда, Шарқда қилинган нарса. Лекин ҳечдан кўра кеч», — дея қайд этди вазир.

Унинг қўшимча қилишича, ҳар бир ректор, ҳар бир ўқитувчи бундан манфаатдор бўлиши керак.