Сенатор Улуғбек Ғаниевич Файзиев Навоий вилояти Қизилтепа туманига ҳоким этиб тайинланди, дея хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати. У мазкур лавозимда туманга 25 йилдан бери раҳбарлик қилиб келган Шабон Набиев ўрнини эгаллади.

Бу тайинлов 13 ноябрь куни вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Нормат Турсунов иштирокида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида маълум қилинди. Вилоят раҳбарининг аниқлик киритишича, Шабон Набиев бошқа ишга ўтгани муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Шабон Набиев. Фото: Қизилтепа тумани ҳокимияти.

Улуғбек Файзиев (1976 йилда туғилган) Навоий давлат кончилик институти (1998) ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети (2010) битирувчиси ҳисобланади. Шунингдек, у бунга қадар Zarafshan Golden Group қурилиш компанияси асосчиси ва раҳбари сифатида фаолият юритган.