Адлия вазири Русланбек Давлетов коммунал хизмат кўрсатиш сифати пастлиги жумладан, газ ва электрдаги узилишлар натижасида тадбиркорлар зарар кўриши боғлиқ муаммони ҳал этиш юзасидан ўз фикрини билдирди.

Вазир мазкур масалага жума куни Telegram орқали бўлиб ўтган audio podcast вақтида тўхталиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, «бу жуда долзарб масала».

«Энергия таъминоти бўйича узилишлар бор гап. Тадбиркорлар ҳам, аҳоли ҳам қийналаяпти. Айнан тадбиркорлар тўғрисида гап кетти… шартнома бор. Бу иккинчи томон монополист корхона бўлганидан кейин шартнома шартлари ҳам тегишли ташкилотлар томонидан ўрганилган, яъни у ерда стандартлаштирилган шартномалар бор. Шу шартномалар асосида кўриш керак», — деди у.

Таъкидланишича, бунинг ечими ҳуқуқий онг, муносабатлар билан боғлиқ.

«Судга бериб керак бўлса, зарарни ундираётган тадбиркорлар ҳам бор. Чунки цех ишлаяпти, уни маҳсулоти, хом ашёси ичида қолиб кетса, „свет“ келмай қолгандан кейин хом ашёни чиқариб, бошқатдан [маҳсулот ишлаб чиқара олмайди]… уни ҳаммаси зарар билан боғлиқ», — деди вазир.

У ҳуқуқшунос сифатида мазкур масалани суд орқали ҳал этиш зарурлигини таъкидлади.

«Судга бериш керак. Шу йўл билан ҳаммасини тартибга солса бўлади. [Таъминотчи корхоналар] масъулияти албатта ошади, тўлаб кўрсин зарарни кейин билади қанақа [ҳал] қилишини. Эртага бошқачароқ ҳаракат қилади. Жуда кўп ҳолатларда шунақа бўлади. Судлар давлат ва хўжалик органларини қонун, шартномаларга асосан мажбур қиладиган орган. Бундан фойдаланиш керак», — деди Русланбек Давлетов.