Яқинда Ўзбекистоннинг шаҳар ва туманларида кузатилган қум ва чанг бўрони ҳамда туман ҳавонинг тозалиги — сифатли ҳаётнинг жуда муҳим таркибий қисми эканлиги ва сўнгги ўттиз йил давомида дарахтларнинг мунтазам равишда кенг миқёсда кесилиши муқаррар иқтисодий йўқотишларга олиб келганлиги ҳақида яхшигина эслатма бўлиб хизмат қилди.

Энг аҳамиятлисидан бошласак. Ўзбекистонлик бир гуруҳ олимларнинг тадқиқотларига кўра, сўнгги 29 йил мобайнида шаҳар ичидаги яшил ҳудудлар 12 минг гектардан 2661 гектаргача қисқарган, бу — 4,5 баробардан зиёдга камайди дегани.

Бу давр мобайнида шаҳар аҳолиси 50 фоизга ўсган. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бугунги кунда шаҳар аҳолиси 2,8 миллион кишини ташкил этади (90-йиллар бошида шаҳарда 1,9 миллион киши истиқомат қилган). Шаҳарда бир кишига тўғри келадиган яшил ҳудудлар майдони киши бошига 63 квадрат метрдан 9 квадрат метргача камайди.

Бу етарлича консерватив рақамлар, чунки аҳолини рўйхатга олиш амалиёти йўқлиги сабабли аҳоли сонини аниқ ҳисоблашнинг имкони йўқ ва катта эҳтимол билан пойтахт аҳолиси сони 2,8 миллиондан кўпроқ.

Тошкент дунёнинг бошқа мегаполислари сингари кўп қаватли ва зич бўлмаса-да, Тошкент шаҳрида аҳоли жон бошига тўғри келадиган яшил ҳудудлар майдони (9 квадрат метр) ҳатто Нью-Йоркдагидан ҳам кичик (13,5 квадрат метр). Шу боис, Тошкент ва Нью-Йоркдаги ободонлаштириш даражасини солиштира туриб, Нью-Йоркни «бетон чангалзор» деб аташ адолатдан эмас.

АҚШдаги иккинчи йирик шаҳар ҳисобланган Лос-Анжелесда бир кишига тўғри келадиган яшил ҳудуд майдони — деярли 40 квадрат метр. Пойтахт Вашингтонда эса аҳоли жон бошига тўғри келадиган кўкаламзор ҳудудлар 55 квадрат метрни ташкил қилади.

Нима учун яшилликнинг кўп бўлиши муҳим?

Албатта, ўтган ҳафтада содир бўлган воқеалар фонида, жавоб аниқ бўлиши мумкин, бироқ мен ҳатто табиий офатлар бўлмаган тақдирда ҳам ҳавонинг сифати инсон ҳаёти учун ниҳоятда муҳим эканлигига эътибор қаратишингизни истаган бўлардим.

Бир гуруҳ олимлар томонидан Хитойдан олинган маълумотлар асосида олиб борилган йирик экспериментал тадқиқот ҳавонинг ифлосланиши юқори ўлим даражасининг сабаби ҳисобланади, деган хулосага келди. Айнан сабаби.

Бу тадқиқот жуда муҳим, чунки олимлар буни экспериментал тарзда исботлай олишди. Одатда камбағал мамлакатларда одамлар қисқароқ, бой мамлакатларда эса узоқроқ умр кўрадилар. Мамлакатда умр кўриш давомийлиги бойлик билан чамбарчас боғлиқ, шунинг учун ҳавонинг ифлосланиши юқори ўлим даражасига сабаб бўладими, деган саволга жавоб унчалик аниқ эмасди. Мамлакатлараро таққослашлар сабаб-оқибат боғлиқлигини кўрсатиб беролмайди, улар фақат корреляцияни кўрсатади.

Ҳаво ҳақиқатан ҳам умр кўриш давомийлигига таъсир қиладими деган саволга жавоб топиш учун олимлар «табиий эксперимент»дан — Хуайхе дарёси бўйлаб амал қилган энергетика сиёсатидан фойдаланишди. 1950−1980-йиллардаги марказлашган режалаштириш даврида Хитой ҳукумати дарёнинг шимолида жойлашган шаҳарлардаги қозонхоналар учун кўмир етказиб бериш орқали қиш мавсумида бепул иситиш тизимини таъминлади, аммо жанубда кўмир етказиб беришдан воз кечди.

Қозонхоналарда кўмир ёқиш атмосферага ифлослантирувчи моддаларнинг чиқарилиши ва айниқса, қаттиқ заррачалар, инсон саломатлигига ниҳоятда зарарли бўлиши мумкин бўлган кулнинг чиқарилиши билан боғлиқ.

Шундай қилиб, Хитой расмийларининг бу қарори тайёр эксперимент майдонига айланди, бу ерда аҳолининг бир қисми ҳавонинг сифати анча ёмонроқ бўлган шароитда яшарди, бошқа бир қисми — нисбатан яхшироқ. Тадқиқот натижалари дарёнинг жанубида яшовчи одамларнинг ўртача умр кўриш муддати беш ярим йилга кўпроқ эканлигини кўрсатди. Олимларнинг хулосасига кўра, Хуайхе дарёси бўйлаб олиб борилган энергетика сиёсати даҳшатли йўқотишларга — 2,5 миллиард йилдан ортиқ йўқотилган умрларга сабаб бўлди.

Тадқиқотлардан олинган харита.

Яъни, тадқиқотлар шуни исботладики, ҳавонинг сифати — ҳаёт сифати ва энг асосийси, давомийлигига кучли таъсир кўрсатади. Таъкидлаш жоизки, Хитойда одамлар устида ўтказилган тажриба натижасида аниқланган беш ярим йиллик фарқ — бу жуда катта фарқ: буни аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги кўрсаткичлари бўйича Ўзбекистон (74,6 ёш) ва Дания (81 ёш) ўртасидаги фарқ билан таққослаш мумкин. Шу боисдан, барчамиз ҳавонинг сифати ҳақида қайғуришимиз ва унинг қай даражада муҳимлигини англашимиз зарур.

Чикаго университети энергетика сиёсати институти томонидан яқинда эълон қилинган ҳисоботда айтилишича, агар ҳиндистонликлар ҳавонинг сифати бўйича ЖССТ стандартларига жавоб берадиган ҳаводан нафас олганларида, мамлакатда ўртача умр кўриш давомийлигини 5,9 йилга узайтирган бўлар эдилар. Ҳисоботга кўра, кўплаб мамлакатларда ҳавонинг ифлосланиши аҳоли саломатлигига ҳатто сил, ОИВ/ОИТС ва сигарет чекишдан кўра кўпроқ хавф туғдиради.

Хўш, ёмон ҳаво бизни касал қилиб, тезроқ ўлдирар экан. Аммо дарахтларнинг бунга нима алоқаси бор?

Дарахтлар ва шаҳарнинг кўкаламзор ҳудудлари ҳавонинг сифатига бевосита таъсир кўрсатувчи учта функцияга эга — шаҳарда ҳаво ҳароратини пасайтириш, ҳавони зарарли зарралардан тозалаш ҳамда ёзда соя бериш ва қишда шамолларни тўсиш орқали ҳароратни пасайтириш ҳисобига биноларда энергия сарфини камайтириш.

Демак, шаҳарда дарахтлар қанча кўп бўлса, шаҳар ҳавосининг сифати шунчалик юқори бўлади ва ўз навбатида, одамлар ҳам шунчалик узоқ умр кўришади. Шу нуқтаи назардан дарахтлар хавфсизлик ва саломатликнинг ғоят муҳим жиҳати ҳисобланади. Шунинг учун дарахтларни кесиш инсон саломатлигига бевосита таъсир кўрсатади. Аниқроғи, қанча кўп дарахт кесилса, одамлар шунча кам умр кўришади.

Бундан ташқари, умр кўриш давомийлиги — касалланишлар ва ҳаёт сифатининг натижасидир. Яъни, ифлосланган ҳаво умрни нафақат қисқартиради, балки касалланишга мойилроқ ва ёмонроқ қилади.

Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ҳавонинг сифати ёмон бўлган шароитда болалар астма билан кўпроқ касалланишади. Калифорнияда ҳаво сифатининг яхшиланиши болаларда астма билан касалланиш ҳолатларини камайтирди ва касалхоналарнинг тез-тиббий бўлимига ётқизилган болалар сонининг 5−14 фоизга камайишига олиб келди.

Калифорнияда ҳавонинг сифатини яхшилаш тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланилган яна бир тадқиқот 1990 йилларда углерод оксиди эмиссиясини камайтириш Калифорнияда тахминан 1000 нафар боланинг ҳаётини сақлаб қолган, деган хулосага келди.

Нидерландиядаги 355 та муниципалитет маълумотлари асосида ўтказилган нисбатан янгироқ ва қизиқарли яна бир тадқиқот натижаларига кўра, коронавирус пандемияси даврида муниципалитетдаги ҳавонинг сифати қанчалик ёмон бўлса, касалланиш, касалхонага ётқизиш ва ўлим кўрсаткичлари шунчалик юқори бўлганлиги кузатилган.

Ҳавонинг сифати одатда ҳаводаги ПМ2,5 зарралари концентрацияси билан ўлчанади, бу одатда диаметри 2,5 микрометр ёки ундан кичик бўлган, нафас билан ютиладиган майда зарраларни тавсифлайди. ЖССТ стандарт меъёри — 10 мкг/м3 ни ташкил қилади.

Голландияда тажрибани ўтказиш даврида ПМ2,5 нинг ўртача даражаси 10,49 мкг/м3 ни ташкил этди. Шундай қилиб, тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, агар муниципалитетда, қолган барча омиллар ўзгармаган ҳолда, ПМ2,5 концентрацияси 1 мкг/м3 га ошса, бу ўлим ҳолатлари сонини 13 фоизга оширади.

Тўрт кун аввал Тошкент шаҳрида ПМ2,5 даражаси 23,1 мкг/м3 ни ташкил қилди, бу юқорида келтирилган тадқиқотдаги кўрсаткичдан 12,61 мкг/м3 га юқори.

Агар ушбу рақамларни ҳисоб-китоблар учун асос қилиб оладиган бўлсак, Тошкент шаҳрида ҳавонинг сифати туфайли коронавирусдан ўлим даражаси 163,93 фоизга ошган. Бу рақамлар ортида сақлаб қолиш мумкин бўлган жуда кўплаб инсон ҳаёти бор.

Хулоса шундан иборатки, дарахтларни кесиш одамларнинг ҳаётини ёмонлаштиради — умр кўриш давомийлигини анча қисқартиради ва уни оғирлаштиради. Тошкент шаҳрида 30 йил мобайнида яшил ҳудудлар етти баробарга қисқарганлигидан келиб чиқадики, шаҳарда ҳавонинг сифати жуда ёмон ҳолатда.

Аммо тадқиқотлар билан таниш бўлмаган тақдирингизда ҳам, баъзида шаҳар бўйлаб сайр қилганингизда, сайлгоҳ ҳудудлар сезиларли даражада қисқарганига гувоҳ бўласиз.

Салбий ўзгаришлар кўламини тушунишга ёрдам бериш учун сунъий йўлдош хариталари жуда қўл келади. Қачондир харитадаги энг катта яшил нуқта бўлган — Миллий боғ ҳозирда дарахтлари ва кўлларини деярли бутунлай йўқотган.

Миллий боғдаги собиқ Комсомол кўли. Фото: Юрий Корсунцев.

Қонунчилик палатаси биноси олдидаги ҳозирда қуритилган кўл. Фото: Юрий Корсунцев.

Амир Темур хиёбонидаги шаҳарликларга салқинлик туҳфа қилган кўп йиллик дарахтлар ҳам йўқотилди.


Амир Темур майдони, 2008 йил июль ва 2009 йил ноябрь. Манба: Google Earth.

«Гулшан» каби бошқа кичикроқ истироҳат боғлари ҳам қурилиш учун бериб юборилган; болалигим яқинида ўтган Бобур номидаги боғ ҳам ўз ҳудудининг сезиларли қисмидан айрилган. Абдулла Қодирий номидаги истироҳат боғи ҳам афтидан қурилиш майдонига айланган; Ботаника боғининг бир вақтлар ям-яшил тусда бўлган айрим қисмлари қурилиш учун берила бошланган.

Албатта, истироҳат боғларининг йўқ қилиниши чанг миқдорининг кўпайишига ва ҳаво ифлосланишининг кучайишига олиб келади. Бироқ бунинг устига жамоат транспорти ҳажмининг қисқариши ва сифатининг ёмонлашиши натижасида юзага келадиган шаҳарнинг асоссиз моторизацияси янада оғир юк бўлмоқда. Айниқса, трамвай ва троллейбус каби экологик тоза транспортлардан воз кечиш ҳам ҳаво сифатининг ёмонлашуви омилларидан ҳисобланади.

Шаҳарда автомобил йўллари майдони ўсиб бормоқда ва йўллар майдонининг кўпайиши тирбандликлар ва автомобилларнинг кўпайишига олиб келади.

Буларнинг барчаси биргаликда бизни, юқоридаги тадқиқотларда айтиб ўтилганидек, қуйидаги сингари оқибатларга етаклайди:

  • чақалоқлар ўлими кўпаяди (албатта, тиббиёт қанчалик ривожланган бўлса, чақалоқлар ўлими шунчалик кам бўлади, лекин чақалоқлар ўлимининг камайгани тиббиётнинг ривожланганлигини англатмайди);
  • астма билан касалланган болалар сони ортади;
  • нафас йўлларининг кўплаб касалликлари, хусусан, COVID-19 ва грипп билан боғлиқ касалликлар янада оғир асоратлар билан кечади ва баъзан ўлимга олиб келади.

Умуман олганда, одамларнинг ҳаёт сифати сезиларли даражада ёмонлашмоқда ва бу билан боғлиқ иқтисодий харажатлар сезиларли даражада ошмоқда.

Ҳар қандай шаҳарнинг асосий манбаи — бу одамлардир. Агар шаҳар аҳолисининг ҳаёт сифати паст бўлса, иқтидорли одамларни жалб қилиш ёки мавжуд инсон капиталини сақлаб қолиш мушкул.

Шу боис, ўқувчилар эътиборини қум бўрони тўхтаган бўлса ҳам, барибир ҳавонинг сифатини яхшилаш устида ишлаш зарурлигига қаратмоқчиман. Ахир, агар бизни ўлдирадиган зарралар бизга микроскопсиз кўринмаса, бу уларнинг мавжуд эмаслигини англатмайди.

Табиатга ғамхўрлик қилишни бошлаш учун ҳалокатлар ва офатлар содир бўлишини кутиб ўтириш шарт эмас. Гап энг муҳим нарса — ҳар биримизнинг бугунги кундаги ҳаётимиз ҳақида бормоқда.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.