Буюк Британиядаги афғон диаспораси вакиласи Анжела Ғаюр Instagram`да афғон аёлларига мўлжалланган Ҳирот онлайн мактабига асос солди, дея хабар қилмоқда BBC News нашри.

Маълум бўлишича, 1992 йилда Афғонистонда бошланган фуқаролар уруши вақтида саккиз ёшли Анжеланинг оиласи Ҳиротдаги уйини тарк этиб, Эронга қочган. Кейинги беш йил мобайнида Анжела оиланинг вақтинчалик виза шартлари сабаб мактабга қатнай олмаган.

«Ўша пайтда Эронга қочган афғон болаларининг зарур ҳужжатлар йўқлиги сабабли мактабга бора олмаслиги одатий ҳол эди», — деб эслайди Анжела.

Ниҳоят 13 ёшида отаси керакли ҳужжатларни расмийлаштиришга муваффақ бўлгач, Анжела Эронда мактабга қатнай бошлаган. У ҳар куни мактабдан қайтгач, отасининг боғида 14 нафар афғон болаларига дарс берган. У болаларга ўша куни мактабда ўқиш, ёзиш, математикадан ўрганган ҳамма нарсасини ўргатарди.

«„Толибон“ ҳокимиятдан ағдарилганидан бир неча йил ўтгач, Анжела Афғонистонга қайтиб, ўрта мактаб ўқитувчиси сифатида малакага эга бўлди. Сўнгра Нидерландияга, кейин эса Буюк Британияга кўчиб ўтди», — дейилади хабарда.

Август ойида «Толибон» ҳокимиятга қайтгач, қизлар учун ўрта мактабга боришни, аёлларнинг ишга чиқишини тақиқлади. Муваққат ҳукумат расмийлари мазкур чекловларни «хавфсизлик нуқтаи назаридан» «вақтинчалик» чора эканлигини қайд этган, мамлакатла эркаклар ва аёллар таълимига тенг ёндашувни ваъда қилди.

«Анжела афғон аёллари ва қизларига таълим бериш учун Ҳирот онлайн мактабига асос солди. У Instagram`да тажрибали ўқитувчилардан ёрдам сўраб пост қўйди ва ўша биринчи постдан сўнг дастурга 400 га яқин кўнгилли қўшилди. Telegram ёки Skype орқали улар математика ва мусиқадан тортиб, пазандалик ва расм чизишгача бўлган 170 дан ортиқ турли хил онлайн дарсларни таклиф қилишади», — дейилади хабарда.

Маълум бўлишича, аксарияти эронлик муаллимлар кунига икки соатдан саккиз соатгача ишлайди.

«Бизнинг шиор — милтиқ эмас, қалам», — дейди Анжела.

Ҳозирда онлайн мактаб 1000 га яқин ўқувчини қамраб олишга эришган.

Қайд этилишича, сўнгги ҳафталарда мамлакатнинг 34 вилоятидан бештасида қизлар ўрта мактабларга қайтган. Хусусий университетларда таҳсил олаётган қизларга ҳам қайтишга рухсат берилди. Аммо бутун мамлакат бўйлаб ўқувчи қизларнинг катта қисмига қўйилган чекловлар ҳали ҳам олиб ташланмаганлиги айтилмоқда.

Аёл ўқитувчиларга ҳам уйда қолиш буюрилган ва «Толибон» уларга қачон ишга қайтишлари мумкинлиги ҳақида ҳеч нарса демаган.

БМТ ҳисоб-китобига кўра, Кобулдаги барча малакали ўқитувчиларнинг 70 фоизи аёллар эканлиги ҳисобга олинса, таълимни давом эттираётган ўғил болалар учун ҳам ўқитувчиларнинг сезиларли етишмаслиги эҳтимоли бор.

«„Толибон“ сиёсий куч сифатида қайта тикланишидан анча аввал ҳам Афғонистон таълим имкониятларидаги чекловлар билан курашаётган эди. Таълим вазирлиги маълумотига кўра, 2019 йилда 15 ёшдан ошган болаларнинг учдан биридан кўпроғи саводсиз бўлган», — дейилади хабарда.

Қизларнинг аксарияти қисмига таълим имконияти қайтарилмас экан, бу статистика фақат ўсиб бориши кутилмоқда.