Президент Шавкат Мирзиёев Истанбул яқинидаги Демократия ва эркинлик оролида ўтаётган Туркий кенгаш саммитидаги нутқида Афғонистон масаласига тўхталиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Шавкат Мирзиёев «Афғонистондаги ҳозирги мураккаб вазият барчанинг эътибор марказида турганини» айтиб ўтди.

«Ушбу мамлакатнинг гуманитар инқирозга тушиб, халқаро майдонда яккаланиб қолишига, унинг террорчилар маконига айланишига йўл қўймаслик ниҳоятда долзарбдир. Афғонистоннинг янги ҳукумати билан мулоқотларда ёндашувларимиз умумий ва якдил бўлиши лозим», — деди Ўзбекистон президенти.

17 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида Афғонистоннинг янги ҳукумати билан диалог қилишга чорлади ва хорижий банклардаги афғон активларини қайтаришни таклиф қилган эди.

21 сентябрь куни БМТ Бош ассамблеясининг 76-сессиясидаги чиқишида эса у «Афғонистонни яккалаб қўйиш мумкин эмас"лигини ва мамлакатни катта муаммолар билан ёлғиз қолдириш керакмаслигини таъкидлаган эди.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Октябрь ойида Шавкат Мирзиёев ҳар куни унга Афғонистон билан чегарадаги вазият ҳақида маълумот беришларини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон жафокаш афғон халқига қўлидан келганча ёрдам беришга тайёр. «Бизнинг ягона мақсадимиз — Ўзбекистонга Афғонистондан ўқ отилмасин», — дея таъкидлаган эди президент.