4 ноябрда куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларини ғайриоддий чанг-қумли туман қоплади. Аввал бунга шамолнинг кучайиши натижасида тупроқнинг жуда қуриб қолган устки қатлами кўтарилиши сабаб бўлгани айтилди. Кейинроқ, «Ўзгидромет» мамлакатдаги кенг кўламли қурилиш ишлари ушбу ҳодисанинг пайдо бўлиш сабабларидан бири эканлигини тасдиқлади. Марказ томонидан олиб борилаётган кузатишлар давомийлиги (150 йил) натижасида бундай ғайриоддий ҳолат илгари кузатилмаган.

Одамзод томонидан аввал кузатилмаган табиат ҳодисалари жуда ҳам кўп саволларни келтириб чиқариши табиий. Уларнинг деярли барчаси ёки тахминий хулосаларга, ёки фаразларга асосланади. Айримларининг эса ҳанузгача сабаби аниқланмаган.

Дунёнинг турли чеккаларида кузатилган энг ғайриоддий табиат ҳодисалари ҳақида «Газета.uz» мақоласида.

«Қотил туман» (Англия)


Азалдан туман ва Буюк Британия бир-бирига ҳамиша боғлиқ бўлган. 1952 йил 5 декабрда Лондонга тушган туман ҳақиқатдан ҳам ҳалокатли оқибатларга олиб келган ва 12 минг кишининг ҳаётига зомин бўлганлиги айтилади.

1952 йил Британияда қиш анча эрта бошланган. Ноябрь ойида қаттиқ совуқ тушган, қор ёғган ва декабрга келиб, қишки об-ҳаво мамлакат ҳудудини бутунлай ўраб олган.

Лондондаги ҳаво фабрика ва заводлардан чиқадиган тутун билан қаттиқ ифлосланиб бораётган эди, чунки мамлакат саноати уруш вайронагарчиликларидан фаол равишда тикланаётган бўлган. Кўплаб автомобиллар ва жамоат транспорти ҳам атроф-муҳитнинг ифлосланишига ҳисса қўшган.

Ўша йили Англия пойтахтига совуқ туман тушган, унинг тарқалишига эса ҳеч қандай имкон бўлмаган. Ва бу туман ичида чиқинди газлар, завод чиқиндилари, юз минглаб каминларнинг қоракуя зарралари тўпланган.

Кўчаларда деярли ҳеч нарса кўринмас, одамлар фақат бино деворларини ушлаб ҳаракатлана олар эдилар.

5 кун давом этган қора туман минглаб кишилар, айниқса катта ёшдагилар, ёш болалар ва респиратор касалликлари борларнинг ўлимига сабаб бўлган. Бирламчи ҳисоботларга кўра, туман оқибатида 4 минг киши вафот этган. Бироқ, айрим мутахассислар қора туман пайтида зарарланиб, кейинчалик вафот этганлар сони 12 минггача етган бўлиши мумкинлигини таъкидлашади.

Бундай туманда бурун ва оғизга ҳатто қалин дока боғлаб ҳам нафас олиш жуда қийин бўлган. Кўпгина ҳайвонларнинг нобуд бўлгани ҳам аниқланган.

Бутун дунё учун 1952 йилдаги буюк Лондон тумани атроф-муҳитнинг ифлосланиши қанчалик хавфли эканлигини яққол кўрсатган. Буюк Британияда ушбу туман сабабларини ўрганиш парламент даражасигача кўтарилган. Мамлакатда бундай даражадиги экологик ҳалокат такрорланишининг олдини олиш учун қонунчиликни кучайтириш чоралари кўрилган.

«Қонли» ёмғир (Ҳиндистон)

Фото: baartalaap.in

2012 йилнинг август ойида Ҳиндистоннинг Керала штатидаги Каннур шаҳри аҳолиси ғайриоддий табиат ҳодисасига гувоҳ бўлишган. Шаҳарга қизил рангдаги ёмғир ёғган. Ёмғир суви шунчалик қизғиш бўлганки, ҳайвонларнинг қонини эслатарди.

Йўлларда бир зумда қизил кўлмаклар пайдо бўлган, ёмғирдан яширинишга улгурмаган одамларнинг кийимлари қизариб кетган. Ёмғир ўн беш дақиқа ёғгани қайд этилган.

Баъзи олимлар ёмғир сув ўтлари спораларидан ўзининг ғайриоддий рангини олди, деб ҳисоблашади. Бошқалар ушбу табиат ҳодисаси космосда келиб чиққан бўлиши мумкинлигига ишонишади.

Илмий таҳлиллар қизил ёмғир томчиларида, эҳтимол комета қолдиқларидан ерга тушган микроскопик зарралар борлигини кўрсатган. Ер атмосферасига тушган метеорит парчалари зарралари қизил ёмғир булутларини ҳосил қилиши мумкин, деб тахмин қилинган.

Бундан ташқари, сув омборларидан қизил сув ўтлари спораларини сўриб олган сув қуюни ушбу ҳодисанинг сабаби бўлиши мумкин деб ҳам айтилади. Ёмғир суви билан аралашиб, бу споралар қонли ёмғир шаклида ёғган деган тахмин ҳам бор.

Маълумотга кўра, қизил ёмғир биринчи маротаба Керала штатида 2001 йилда ёғган, беш йилдан сўнг яна такрорланган. 2001 йилнинг ўзида 120 та рангли, жумладан қизил, сариқ, қора ва яшил ёмғирлар қайд этилган.

«Жодугар доиралари» (Намибия)

Фото: Robertharding/Alamy

Намиб чўлининг қурғоқчил тупроғида ўсган ўтларда ғалати ҳодисани кузатиш мумкин — диаметри 2 дан 15 метргача бўлган, бирор ўсимлик ўсмайдиган, гўё асал қолипларидек 2500 километр майдонга чўзилган миллионлаб думалоқ ямоқлар бор.

«Жодугар доиралар» номи билан машҳур бўлган ушбу ер гўё куя томонидан тешиб ташланган катта ўт гиламига ўхшайди.

Ҳеч ким ушбу тешикларнинг қандай пайдо бўлганини тушунтира олмаслиги ушбу ҳодисани янада жумбоқли қилади.

Олимлар бу жойларда тупроқ радиация билан ифлослангани ёки баъзи ўсимликлар чиқарадиган токсинлар атрофдаги ўсимликларга таъсир қилиши ҳақида тахмин қилишган. Баъзи одамлар доиралар қум термитларининг иши деб ҳам ўйлашади. Улар сув сақлаш учун ерда коваклар қазишади ва ўсимликларнинг тагидаги қум ёмғир намлигини сингдириши учун уларнинг илдизини ейишади.

Яна бир тахминга кўра, чўл иқлимида ўсимликлар сув ва озуқа учун кураш олиб боришади. Заиф ўсимликлар нобуд бўлиб, кучлироқлари ўсиб чиққач, яшил қатлам турли шаклларда «ўз-ўзидан» келиб чиқади.

Музлаб қолган метан пуфакчалари (Канада)

Фото: Robertharding/Alamy

Ушбу пуфакчалар сувга тушиб, музлаб қолган «учар ликопчалар» ёки муз билан ўралган қадимги медузаларни эслатади. Аслида, эса бу муз доиралари қотиб қолган метан пуфакчаларидан иборат бўлиб, сув остида музлаб, ажойиб манзара яратади.

Бундай ҳодисани қишда шимолий кенгликларда жойлашган кўлларда, масалан Канаданинг Алберта провинциясидаги Авраам кўлида учратиш мумкин. Улар қуруқ барглар, ўтлар ва ҳайвонлар сувга чўкиб, метан ажратадиган бактериялар учун емак бўлганда пайдо бўлади.

Айтишларича, газ пуфакчалар шаклида ажралиб чиқиб, музлаган сув билан реакцияга киришади ва ўн минглаб оқ муз дискларига айланади.

Баҳорда муз эрий бошлайди ва метан пуфакчалари ёрилиб, шивирлайдиган овоз чиқаради. Сўнг муз ажралиб чиқа бошлайди. Лекин агар кимдир яқин атрофда гугурт ёқмоқчи бўлса, бу метан массаси алангаланади ва даҳшатли портлаш содир бўлиши мумкин.

«Ўлим бармоғи» ёки Брайникл (Арктика)


Бу Арктиканинг муз остидаги сувларида пайдо бўлган ғайриоддий табиий ҳодиса. Кўринишидан сумалакга ўхшайдиган ушбу аралашма бироз шўрланган музли сув ва шўрроқ океан суви билан тўқнашувидан ҳосил бўлади.

Уни «муз сталактити» деб ҳам аташади, лекин аслида у муз эмас. Брайникл — жуда совуқ, ўта тўйинган шўр сув оқими ҳисобланади. Тузли океан суви музлаганда, янги муз ҳосил қилиш учун туз чиқаради. Ортиқча туз муз юзасида ва муз массасидаги бўшлиқларда қолган сувни тўйдиради.

Натижада, музлаш нуқтаси жуда паст бўлган юқори зичликдаги шўр сувли эритмани ўз ичига олган музли сув захиралари пайдо бўлади: ҳарорат шўрланиш даражасининг ошиши билан пасаяди. Агар муз ёрилиб кетса, мазкур зич, оғир ва ўта совуқ суюқлик ўз йўлидаги ҳамма нарсани музлатиб, ҳалокатли оқим шаклида сув тубига чўкишни бошлайди. Юқоридаги суратда ҳам денгиз юлдузларининг брайникл туфайли ҳалок бўлганини кўриш мумкин.