Тошкентнинг учта туманида иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти вақтинча тўхтатилди, деб хабар берди пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати.

Бунга бугун Юнусобод туманидаги 4-Иссиқлик марказининг электр энергияси таъминотида носозлик рўй бергани сабаб бўлган.

Бунинг оқибатида Юнусобод туманида тўлиқ, Олмазор ва Шахонтоҳур туманларида эса қисман иссиқ сув ва иссиқлик таъминотида узилиш кузатилмоқда.

Айни пайтда иссиқлик марказида юзага келган носозликни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

«Мутасаддилар соат 17:00 гача иссиқ сув ва кечки 24:00 га қадар иссиқлик таъминоти тўлиқ тикланишини маълум қилдилар», — дейилади хабарда.