Андижон вилоятида зилзила содир бўлди

Андижон вилоятининг Жалақудуқ тумани ҳудудида зилзила содир бўлди. Эпицентр ҳудудида силкинишлар кучи 4 баллни ташкил қилди.

Бўстонлиқ туманида 56 туп дарахт кесиб ташланди

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида 56 туп дарахт ноқонуний равишда кесилганлиги аниқланди. Ушбу ҳатта-ҳаракат натижасида ўсимлик дунёсига 288 млн 792 минг сўм миқдорда зарар етказилган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

2022 йилда 40 та мактаб қуриш режалаштирилган. Бу жуда ҳам кам

2022 йилда давлат томонидан 410 млрд сўмлик 40 та мактаб қуриш режалаштирилган. Бу ўтган йилгидан деярли икки баравар кўп, аммо мактабларда жой етишмаслиги муаммосини ҳал қилиш учун ҳали ҳам ҳалокатли даражада етарли эмас.

Андижон шаҳар ҳокими фуқарони ҳақорат қилди

Андижон шаҳар ҳокими Баҳромжон Ҳайдаров телефон суҳбати давомида фуқарони ҳақорат қилганлиги маълум бўлди. Вилоят ҳокимлигининг таъкидлашича, фуқаро уйи «снос»га тушганлиги сабабли ҳокимга қурилиш фирмасидан 400 кв метрли уй-жой ва Gentra автомобилини ундириб беришни сўраб бир неча маротаба мурожаат қилган. Андижон ҳокимининг ҳаракатларига вилоят ҳокимлиги томонидан ҳуқуқий баҳо берилади.

USAID Ўзбекистонга COVID-19 билан курашиш учун қўшимча 2,5 млн доллар ажратди

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги Ўзбекистонга қўшимча 2,5 млн доллар ажратди. Бу маблағ дори воситалари сифатини таъминлаш ва мамлакатда вакцинага нисбатан ишончсизликни бартараф этиш учун сарфланади.

Ўзбекистондаги уй-жой ва биноларда энергия тежаш бўйича катта муаммолар мавжуд — экспертлар

Ўзбекистонда жами электр энергиясининг қарийб 60 фоизи жамоат бинолари истеъмолига тўғри келмоқда. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Назиржон Назировнинг фикрича, «уй-жой ва биноларни эксплуатация қилишда энергия тежаш бўйича катта муаммолар мавжуд». Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги вакили Марко Мантованелли эса юқори энергия сарфи газни атроф муҳитга ташлаш ва иқлим ўзгаришларига сабаб бўлишини таъкидлади. Ўзбекистон муаммони бартараф этиш учун Миллий дастур ишлаб чиқмоқчи.

Тошкентнинг учта туманида иссиқлик ва иссиқ сув узилиб қолди

Юнусобод туманидаги 4-Иссиқлик марказининг электр энергияси таъминотида носозлик рўй бергани сабабли Юнусобод, Олмазор ва Шахонтоҳур туманларида иссиқ сув ва иссиқлик таъминотида узилиш кузатилмоқда.

10 ойда давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида 191 мингдан ортиқ ҳолатда қонун бузилган — ДХА

10 ойда давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида 191 мингдан ортиқ қонунбузилиш ҳолати аниқланди. «Ўзсувтаъминот», «Ҳудудгазтаъминот», Қурилиш вазирлиги, Кадастр агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги қонун бузар такшилотлар топ-5талигидан ўрин олган. Натижада 2556 нафар мансабдор жаримага тортилди, 64 нафари эса ишдан бўшатилди.

Бир тонна Аи-80 бензинининг биржа нархлари йил бошидан буён 72,1 фоизга ошди

Йил бошидан буён биржаларда Аи-80 русумли бензиннинг улгуржи нархи 72,1 фоизга — бир тоннаси учун 5,81 миллион сўмдан 10 миллион сўмга қимматлашди. Шу билан бирга, асосан импорт қилинадиган ва жаҳон котировкалари билан боғлиқ бўлган бошқа турдаги (Аи-91, Аи-92 ва Аи-95) ёқилғининг ўсиш суръатлари маҳаллий аналогга нисбатан пастроқ бўлди. Аввалроқ «Ўзбекнефтгаз» ва Энергетика вазирлиги ёқилғи қуйиш шохобчаларида фақат Аи-80 русумли бензин нархини ушлаб турганини маълум қилганди.

8 синф ўқувчиси билан жинсий алоқа қилган жисмоний тарбия ўқитувчиси ва унинг шерикларига ҳукм ўқилди

Тошкентда 15 ёшли мактаб ўқувчиси билан жинсий яқинлик қилган жисмоний тарбия ўқитувчиси ва унинг икки нафар шериги ушбу жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Суд ўқитувчини 4 йилга, унинг шерикларини эса 2 йилга озодликдан маҳрум этди.

Ўзбекистондан 20 йил ичида 1,1 миллиондан ортиқ киши кўчиб кетган

2000−2020 йилларда Ўзбекистондан 1,1 миллиондан ортиқ киши бошқа мамлакатларга доимий яшаш учун кўчиб кетган. Худди шу даврда мамлакатга хорижликлар 11 баравар камроқ кўчиб келган.

«Товар айланмасини $1 млрдга ошириш имконияти мавжуд». Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчилари Истанбулда учрашди

Садир Жапаров ва Шавкат Мирзиёев Истанбулда учрашди. Қирғиз президенти матбуот хизмати ёзишича, Ўзбекистон етакчиси «икки мамлакат ўртасидаги товар айланмасини 1 млрд долларга ошириш учун реал имконият мавжуд», дея таъкидлаган. Садир Жапаров ҳамкасбини яна бир бор Қирғизистонга таклиф қилди.

«Афғонистоннинг террорчилар маконига айланишига йўл қўймаслик ниҳоятда долзарб» — президент

Шавкат Мирзиёев Туркий кенгаш саммитида Афғонистон масаласига тўхталиб ўтди. У «Афғонистоннинг гуманитар инқирозга тушиб, халқаро майдонда яккаланиб қолишига, террорчилар маконига айланишига йўл қўймаслик ниҳоятда долзарблигини» айтиб ўтди.

«32 мамлакатда электрон сигареталар чекланган экан, нима учун биз чекламаслигимиз керак» — Алишер Қодиров

Миллий тикланиш партияси раҳбари электрон сигареталарни чеклаш таклифи билан чиқди. «32 мамлакатда электрон сигареталар чекланган экан, нима учун биз чекламаслигимиз керак», — деди у. Партия фракцияси аъзолари уни қўллаб-қувватлади.

Туркий Кенгаш номи «Туркий давлатлар ташкилоти» деб ўзгартирилади

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши номи «Туркий давлатлар ташкилоти» деб ўзгартирилади. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммитини Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди.

«Газета.uz»да чиққан мақолалар:

Ерда кузатилган 5 та энг ғайриоддий табиат ҳодисалари

Дунё бўйлаб аввал кузатилмаган айрим табиат ҳодисаларининг келиб чиқиш сабабларини илм-фан ҳам тушунтириб беролмайди. Уларнинг аксарияти ёки тахминий ҳулосаларга, ёки фаразларга асосланади. Айримлариники эса ҳалигача номаълум. Музлаб қолган метан пуфакчалари, «қонли» ёмғир, «ўлим бармоғи» ва минглаб одамларни ўлдирган қора туман каби ҳодисалар ҳақида «Газета.uz» мақоласида.

Пиёда юришнинг фойдаси нимада?

Мунтазам пиёда юриш — қон босимини меъёрлаштиради, кайфиятни ва организмнинг умумий ҳолатини яхшилайди. Бундан ташқари қон босими ва холестерин миқдорини меъёрлаштиради. Одам кунига қанча масофа юриши керак, юриш вақти ва масофасини қай тартибда ошириб бориш зарур? Бу ҳақда Соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори Барно Одилова маълумот берди.