Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Миллий тикланиш партияси фракцияси йиғилишида «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси кўриб чиқилди.

Депутатларнинг барчаси қонун лойиҳасида электрон сигареталарни тақиқлаш бўйича қатъий чеклов киритишни таклиф қилди, дейилади партия хабарида.

«Дунёнинг 32 мамлакатида электрон сигареталар чекланган экан, нима учун биз чекламаслигимиз керак. Мутахассислар унинг генофондга жиддий таъсир кўрсатишини айтмоқда», — деди Алишер Қодиров.

Унинг сўзларига кўра, партия ҳам ушбу масалани мунтазам кўтариб келган.

«Ким нима деса десин, ушбу қонун лойиҳасига электрон сигареталарни қатъий тақиқлаш бўйича чеклов киритилмас экан, биз ушбу қонуннинг қабул қилинишига қарши овоз бераверамиз, — деди партия етакчиси.

Ушбу таклиф бир овоздан қўллаб-қувватланиб, қонун лойиҳаси қўмитага қайтарилган.