2022 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасида янги ва фойдаланишда бўлган автомобилларни сотиб олиш ва (ёки) Ўзбекистонга вақтинча олиб кириш учун йиғим миқдорини харид нархининг 1 фоизигача камайтириш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда Ҳисоб палатасининг хулосасида айтилади.

Бунда давлат аудиторининг фикрича, мазкур ҳолатда автотранспорт воситаларини Ўзбекистон ҳудудига вақтинчалик олиб кирганлик учун йиғим қийматини аниқлаш объектини (автотранспорт воситаларини харид қилиш нархини тасдиқловчи ҳужжатлар) аниқлаш имкониятининг қийинлиги, шунингдек харид нархини тасдиқловчи ҳужжатларни чет эллик фуқаролар томонидан олиб юришга мажбурият юкланаётганлиги сабабли, ортиқча оворагарчиликлар ва кўп сонли ҳақли эътирозларни юзага келтиради.

Хулоса, шунингдек, автомашиналар ва кўчмас мулкни бошқаларга бериш билан боғлиқ шартномаларни тасдиқлаш харажатлари билан боғлиқ муаммо таҳлил қилинади. Ҳозирда автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш шартномаларини тасдиқлаганлик ва сотиб олганлик учун нотариал идоралар орқали белгиланган миқдорларда давлат божи ҳамда ички ишлар идораларида йиғимлар ундирилади.

Ҳисоб палатаси маълумотларига кўра, жисмоний шахслар томонидан кўчмас ва кўчар мулкни расмийлаштиришда ундириладиган давлат божлари ва тўловлар ўртасида катта тафовутлар мавжуд.

Масалан, мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ шартномаларни тасдиқлашда нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик кўчмас мол-мулк учун умумий майдонига қараб қуйидаги миқдорларда давлат божи ундирилади:

Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларида жойлашган бўлса:

  • 100 кв.м. гача бўлганда — БҲМнинг 1 баравари;
  • 100 кв.м. дан 200 кв.м.гача бўлганда — БҲМнинг 2 баравари;
  • 200 кв.м. ва ундан ортиқ бўлганда — БҲМнинг 3 баравари.

бошқа аҳоли пунктларида жойлашган бўлса:

  • 100 кв.м. гача бўлганда — БҲМнинг 50 фоизи;
  • 100 кв.м. дан 200 кв.м.гача бўлганда — БҲМнинг 1 баравари;
  • 200 кв.м. ва ундан ортиқ бўлганда — БҲМнинг 1,5 баравари.


Масалан, автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш шартномаларини тасдиқлаганлик учун ишлаб чиқарилган санаси ва от кучига қараб енгил автомобиллар учун қуввати 110 от кучигача бўлса, ўртача (Chevrolet Nexia-3 мисолида) 1 620,0 минг сўм давлат божи ва 3 118,5 минг сўм йиғим (ёки жами 4 738,5 минг сўм тўлов), қуввати 110 от кучидан юқори бўлса, ўртача (Chevrolet Tracker мисолида) 2 700,0 минг сўм давлат божи ва 3 653,1 минг сўм йиғим (ёки жами 6 млн 353,1 минг сўм тўлов) ундирилади.

Бунда, Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларида жойлашган умумий майдони 100 кв.м.гача бўлган кўчмас мол-мулк учун (ўртача бозор баҳоси 350−400 млн сўм) 270,0 минг сўм давлат божи кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқлар ва улар бўйича тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун (БҲМнинг 1,25 баравари) 337,5 минг сўм (ёки жами 607,5 минг сўм тўлов) ундирилади.

Жисмоний шахсга тегишли 2 турдаги мулклардан бирининг бозор қиймати (автотранспорт) бошқасига (уй-жой) нисбатан 4 баробар паст бўлсада, битимларни давлат рўйхатидан ўтказишда (бож ва йиғим) 8 баробар кўп тўлов ундирилмоқда.

Натижада, фуқаролар олди-сотди шартномаларини расмийлаштириш ўрнига, ишончномаларни расмийлаштириш орқали автотранспорт воситаларини бошқариш ва мулк сифатида тасарруф этиб, кейинчалик мулкий муносабатларда айрим ҳолларда ўзаро низоларни келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин

Ҳисоб палатаси фуқароларга мулкий муносабатларни амалга оширишда давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнларини енгиллаштириш ва мулк ҳуқуқини тўлақонли тасарруф этишга қулай шароитларни яратиш мақсадида, жисмоний шахслар учун кўчмас ва кўчар мулкни расмийлаштиришда ундириладиган давлат божлари ва йиғимлар миқдорини (мулкларни қийматига мутаносиб равишда) қайта кўриб чиқишни (унификация қилиш) таклиф қилди.