Ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳар ҳокими Баҳромжон Ҳайдаров ва фуқаро ўртасида ўзаро тортишув юзага келганлиги ва ҳоким фуқарога нисбатан уни ҳадеб безовта қилмаслигини айтиб, ҳақоратли сўзлар ишлатилганлиги айтилган аудио тарқалди.

Ҳолат юзасидан вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати изоҳ берди.

Маълум қилинишича, вилоят ҳокимлиги томонидан ҳолат ўрганилганда аудиоёзув ҳақиқатдан ҳам Андижон шаҳар ҳокими Баҳромжон Ҳайдаровга тегишли эканлиги ўз тасдиғини топган.

Шунингдек, фуқаро томонидан айтилаётган ижара ҳаққи ва уйини тиклаш тўғрисидаги ҳолат юзасидан ўрганишлар олиб борилган.

Ўрганиш давомида фуқаро О.Н. истиқомат қиладиган Алишер Навоий шох кўчаси 57-сонли икки қаватли уйи «снос»га тушганлиги, ҳозирги кунда «Sulton house» МЧЖ қурилиш фирмаси томонидан шу жойга кўп қаватли уй-жой мажмуасини қуриш ишлари олиб борилаётганлиги сабабли фуқаро О.Н. ижарага чиқарилиб, унга ижара пуллари доимий равишда тўлаб келинаётганлиги аниқланган.

Бундан ташқари, фуқаро О.Н. Андижон шаҳар ҳокимига доимий равишда 10−15 маротабадан телефон қўнғироқларини амалга оширганлиги айтилди. Вилоят ҳокимлигининг таъкидлашича, О.Н. 2 хонали 52 кв метрдан иборат бўлган хонадон ўрнига «Sulton house» МЧЖдан шаҳар марказидан 400 кв метрдан иборат бўлган уй-жой ва Gentra автомобили ундириб беришини айтиб, шаҳар ҳокимини доимий обрўсизлантириб келган.

Ўрганиш давомида О.Н.нинг бузилиши кутилаётган хонадонга нисбатан эгалик ҳуқуқи мавжуд эмаслиги, уй-жой унинг онасининг номида эканлиги маълум бўлди. «Sulton house» МЧЖ қурилиш фирмаси ҳамда фуқаро О.Н.нинг онаси ўртасида янги қурилаётган уй-жойдан хонадон ажратиб бериш ҳақида келишувга эришилган.

«Бугунги кун ҳолатига фуқаро О.Н.нинг онаси (уйнинг асл эгаси)га ижара учун тўланиши лозим бўлган пуллар тўлалигича тўлаб берилган», — дейилади хабарда.

Андижон шаҳар ҳокимининг фуқаро билан мулоқоти давомида ишлатган ҳақоратли сўзлари учун вилоят ҳокимлиги томонидан алоҳида ҳуқуқий баҳо берилиши маълум қилинди.