YouTube видеохостинги 10 ноябрдан бошлаб видеолар остидаги «дизлайк"лар сонини босқичма-босқич яшира бошлади, дейилади сервис хабарида. Шу билан бирга дизлайклар тугмаси порталда қолади.

Қарор шу йил бошида ўтказилган тажриба натижасида қабул қилинган. Унга кўра, фойдаланувчилар видеога берилган салбий баҳолар сонини кўрмасалар, уларнинг дизлайк тугмасини босиш эҳтимоли камроқ бўлади.

YouTube хабарида таъкидланишича, айниқса янги контент муаллифлари ва кичик аудиторияга эга канал яратувчилари жуда кўп дизлайлакларга дуч келишади. Экспериментдан мақсад ҳисоблагични яшириш орқали видеолар муаллифларини одамлар атайлаб минус қўядиган «дизлайк ҳужумлари»дан ҳимоя қилишнинг иложи бўлиши ёки йўқлигини тушуниш бўлган.

Шунингдек, канал яратувчилари ўз видеоларининг муваффақиятини баҳолаш учун YouTube Studio`да дизлайклар сонини кўришда давом этадилар.

«Биз муаллифлар ўзларини намоён этиб, муваффақиятга эришиши ва ўзларини хавфсиз ҳис қилишлари учун инклюзив ва ўзаро ҳурмат таъминланган муҳитни яратишга интиламиз. Бу муаллифларни ҳужумлардан ҳимоя қилишимиз учун амалга ошираётган кўпгина қадамларимиздан бири, холос», — дейилади YouTube хабарида.