Пандемия даврида Россияда қолиб кетган ўзбекистонликларни мамлакатга келиши учун 5 та махсус поездлар қатнови йўлга қўйилади. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотга кўра, 483-сонли йўловчи поезди «Волжский-Тошкент» йўналишида ҳаракат қилади. Улар 15, 19, 22, 26, 29 ноябрь кунлари соат 20:57 да «Волжский-Тошкент» йўналишида ҳаракатини амалга оширади.

Қайд этилишича, ушбу поездларга фақат бир томонга, яъни «Волжский-Тошкент» йўналишига чипталар сотилади. Чипталарни электрон тарзда ҳам сотиш йўлга қўйилган.

«Россиядаги юртдошларимизнинг яқинлари Ўзбекистонда туриб, уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати нусхаси билан „Ўзбекистон темир йўллари“ акциядорлик жамияти веб-сайти орқали е-ticket.railway.uz дан чипталарни электрон тарзда харид қилиб олиб, жўнатишлари ҳам мумкин», — дейилади хабарда.

Қўшимча маълумотларни Тошкент шаҳрида 1005 қисқа телефон рақами, жойлардаги темир йўл кассалари ҳамда маълумотлар бюросидан олиш мумкин.