Ўзбекистонда Скейт спорт тури бўйича янги ассоцияция ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 9 ноябрь куни Тошкентда ассоциацияни таъсис этиш бўйича конференцияда маълум қилинди, деб хабар берди Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.

Анжуман доирасида «Скейт Ўзбекистон» ассоциацияси номи билан янги спорт ташкилотини тузиш, унинг низомини тасдиқлаш ҳамда ассоциация ўринбосарлари ва бош котибини сайлаш масалалари кўриб чиқилган.

Йиғилишда «Скейт Ўзбекистон» ассоциацияси раиси этиб, бир овоздан Азиз Аҳмедов ҳамда бош котиб лавозимига Камол Усмонов сайланди.

Ҳозирда жаҳоннинг «World Skate» ассоциацияси билан ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилган бўлиб, ушбу спорт турини Ўзбекистонда ривожлантириш ҳамда спортчиларни нуфузли халқаро мусобақаларга тайёргарлик кўриши ва иштирок этиши учун музокаралар олиб борилмоқда.

«Скейт Ўзбекистон» ассоциацияси қуйидаги спорт турларини ўз ичига олади:

  • скейтбординг;
  • роллерда конькида учиш;
  • роллерда фигурали учиш;
  • роллерда юқори тезлик;
  • роликли конькида эркин услуб, шунингдек, эркин слалом;
  • роллерда хоккей;
  • роллер дерби;
  • скутер, шунингдек, эркин скутер.

Мазкур спорт турлари жаҳоннинг «World Skate» ассоциацияси таркибига киритилган бўлиб, бугунги кунда 160 дан ортиқ давлатда федерация ва ассоциациялар фаолият олиб бормоқда.

Скейтбордингнинг ватани АҚШ ҳисобланиб, ҳозирда «American Sports Data» маълумотига кўра, дунё бўйича 23 миллиондан ортиқ ёшлар скейтбординг ва роллер спорт турлари билан мунтазам шуғулланиб келмоқда.

2021 йилда скейтбордингнинг икки йўналиш бўйича Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинлари мусобақалари ўтказилди. Ушбу спорт тури 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ўйинлари дастурига киритилган.

Шунингдек, ўзбекистонлик скейтбордчилар учун Париж-2024 олимпиадасига 12 та лицензия олиш имконияти мавжуд, дейилади хабарда.