Президент 11 ноябрь куни «Аҳолига тиббий хизматлар кўрсатиш сифатини яхшилаш ва соғлиқни сақлаш соҳасида кадрлар салоҳиятини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.

Давлат туман (шаҳар) ва вилоят тиббиёт муассасалари учун замонавий тиббий ускуналар харид қилиш ҳамда улардаги мутахассисларнинг етакчи хорижий тиббий муассасаларда малакасини ошириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан 2021−2022 йилларда 100 миллион АҚШ доллари ажратилади.

Маблағлар Молия вазирлигининг талабномалари тақдим этилган санадан бошлаб 3 йил муддатгача миллий валютада йиллик 2 фоиз ставкада тақдим этилади.

Молия вазирлиги эса Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг асосланган талабномаларига ҳамда белгиланган ставкага кўра қайтариш шарти билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга бюджет ссудаси сифатида ажратади.

Бунда, Молия вазирлиги кредит маблағларини республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларини замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлашга ва етакчи хорижий тиббий муассасаларда уларнинг мутахассислари малакасини оширишга ҳам йўналтириши мумкин.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тегишли ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари билан биргаликда хатлов ўтказиш асосида ҳар бир ҳудуд ва муассаса кесимида тиббий ускуналарга бўлган эҳтиёжни аниқлайди. Шунга кўра, ссуда маблағлари ҳисобидан харид қилинадиган ускуналар рўйхатини ССВга келишиш учун киритади.

Ҳокимликлар келишилган рўйхатга асосан тиббий ускуналарни харид қилади. Бунда, ушбу жараёнга «O‘zmedimpeks» масъулияти чекланган жамияти агент сифатида жалб қилиниши мумкин.

Тиббий ускуналарни харид қилиш бўйича техник топшириқлар ва тендер ҳужжатлари «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» давлат унитар корхонасида комплекс экспертизадан ўтказилади.

Хорижда малака оширадиган тиббиёт ходимлари рўйхати эса ҳудудлар маъмурияти томонидан танлов (конкурс) асосида шакллантирилади ҳамда Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш бўйича ишчи гуруҳи томонидан белгиланган тартибда тасдиқланади.

Ҳисоб палатаси ушбу қарор доирасидаги тиббий ускуналарни харид қилиш жараёни ва улардан самарали фойдаланиш устидан доимий назорат ўрнатади.