Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10 ноябрь куни «Пахта хомашёсини етиштириш ва унинг йиғим-терим харажатларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорини имзолади.

Ҳужжатга кўра, 2022 йил ҳосилидан бошлаб пахта хомашёсини етиштиришни ва пахта йиғим-теримини Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларидан молиялаштириш пахта-тўқимачилик кластерлари ва Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги элита уруғчилик хўжаликлари орқали амалга оширилади.

Бундан ташқари, тижорат банклари томонидан Жамғарма ресурслари ҳисобидан қуйидагилар учун имтиёзли кредитлар ажратилади:

  • пахта-тўқимачилик кластерларига пахта етиштириш учун — пахта хомашёси қийматининг 60 фоизигача миқдорда йиллик 10 фоиз (шундан, 2 фоизи банк маржаси) ставкада 24 ойга, шу жумладан, 18 ойлик имтиёзли давр ва 19-ойдан бошлаб сўнгги 6 ой давомида тенг улушларда қайтариш шарти билан;
  • Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги элита уруғчилик хўжаликларига пахта хомашёси етиштириш учун — пахта хомашёси қийматининг 60 фоизигача миқдорда йиллик 10 фоиз (шундан, 2 фоизи банк маржаси) ставкада 14 ойга;
  • пахта-тўқимачилик кластерлари ва Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги элита уруғчилик хўжаликларига пахта йиғим-теримини молиялаштириш учун — пахта хомашёси қийматининг 20 фоизигача миқдорда йиллик 10 фоиз (шундан, 2 фоизи банк маржаси) ставкада 12 ойга, шу жумладан, 3 ойлик имтиёзли давр билан.

Пахта-тўқимачилик кластерларига пахта хомашёси хариди бўйича якуний ҳисоб-китоб учун 12 ойгача муддатга миллий валютада ажратиладиган тижорат кредитлари бўйича фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, лекин 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун Жамғарма ҳисобидан компенсация тўланади. Бунда, якуний ҳисоб-китоб учун ажратиладиган тижорат кредитлари бўйича компенсация харажатлари республика бюджетидан молиялаштирилади.

2023 йил ҳосилидан бошлаб пахта-тўқимачилик кластерлари ва Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги элита уруғчилик хўжаликларининг пахта ҳосилини етиштириш харажатларини молиялаштириш тегишли ҳосил йили учун олдинги йилнинг 1 октябридан бошланади.

Пахта хомашёсини етиштириш мақсадида пахта-тўқимачилик кластерларига ажратилган имтиёзли кредитлар пахта хомашёси етиштириш билан боғлиқ агротехник тадбирларни молиялаштириш учун фермер хўжаликларига йўналтирилади, бундан пахта-тўқимачилик кластерларига улар томонидан ижарага олинган қишлоқ хўжалиги ерларида пахта хомашёсини етиштириш учун ажратилган кредитлар мустасно.

Ҳужжатга асосан, пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан фермер хўжаликларига пахта хомашёси етиштириш учун олдиндан тўлов пул шаклида амалга оширилади. Бунда, олдиндан тўловни натура шаклида амалга оширишга йўл қўйилмайди.

Қарорга мувофиқ, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар томонидан минерал ўғит, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари, техника ва техника хизматларига (ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситаларидан ташқари) оид масалалар, шу жумладан, уларни импорт қилишни мустақил ҳал қилинади, бунга ҳар қандай тарзда аралашиш тақиқланади.

Пахта толасини қайта ишлаш қувватига эга бўлган пахта-тўқимачилик кластерларига 2021 йил ҳосили учун пахта хомашёсини етиштиришга ажратилган имтиёзли кредитлар 2022 йил сентябрь ойидан бошлаб 6 ой давомида тенг улушларда қайтарилиши белгиланди.Бунда, Жамғарма ҳисобидан ушбу мақсадлар учун тижорат банкларига ажратилган ресурсларни қайтариш имтиёзли кредитларни қайтариш муддатига мутаносиб равишда узайтирилади.