Сув танқислиги туфайли ГЭСларда ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 25 фоизга камайган

Ўзбекистонда сув сатҳининг пастлиги туфайли гидроэлектр станциялари унумдорлиги 23 фоизга камайди, бу эса мамлакатнинг айрим ҳудудларида электр таъминотида қисқа муддатли узилишларга олиб келди, деб хабар берди Энергетика вазирлиги.

Сингапурда эмланишдан бош тортган коронавирус беморларига тиббий хизматлар пулли бўлади

Сингапур ўз хоҳиши билан COVID-19`га қарши эмланишдан бош тортганларга вирусни даволаш билан боғлик тиббий тўловларни тўлашни тўхтатади. Мамлакатда ҳозирда эмланмаган одамлар интенсив стационар ёрдамга муҳтож бўлганларнинг аксариятини ташкил қилмоқда.

Келгуси 5 йилда олий тоифали ўқитувчи ва шифокорлар маоши минг долларга етказилади — президент

2025 йилга бориб, олий тоифали ўқитувчиларнинг ойлик маошини эквивалент ҳисобида 1минг долларга етказиш чоралари кўрилади, дея маълум қилди Шавкат Мирзиёев инаугурация маросимидаги нутқида. 2020 йилда халқ таълими тизимида 13407 нафар олий тоифали ўқитувчилар фаолият кўрсатаётган эди, бу умумий ўқитувчилар сонининг 2,8 фоиздан камини ташкил этади. Эълон қилинган кўрсаткичга эришиш учун уларнинг иш ҳақини қарийб 3,5 баробарга ошириш керак.

Азиз Абдуҳакимов БМТнинг Глазгода бўлиб ўтган иқлим бўйича саммитида нутқ сўзлади

Ўзбекистон иқлим ўзгариши жараёнларини тўхтатиш бўйича кўп томонлама саъй-ҳаракатларда фаол иштирок этишга тайёр, деди бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Глазгода бўлиб ўтган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича саммитида сўзлаган нутқида.

Бош прокуратура иш вақтида вафот этган ходими бўйича тегишли идораларга хабар бермаган — Давлат меҳнат инспекцияси

Давлат меҳнат инспекцияси Бош прокуратура иш вақтида вафот этган ходими бўйича Меҳнат вазирлиги ва Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармасига тегишли тартибда хабар бермаганлигини маълум қилди. Олдинроқ марҳум ходимнинг отаси қонунда белгиланган нафақа пуллари тўлаб берилмагани сабабли Бош прокуратура устидан судга мурожаат қилганди. Бироқ, ФИБ Миробод туман суди даъво аризасини рад қилган.

«Ўзбекнефтгаз» $700 млн миқдорида дебют еврооблигацияларини муваффақиятли жойлаштирди

«Ўзбекнефтгаз» АЖ ўз тарихида илк бор Лондон фонд биржасида 700 млн АҚШ доллари миқдоридаги еврооблигацияларини 7 йил муддатга 4,75% ставкада муваффақиятли жойлаштирди. Халқаро облигациялар 120 дан ортиқ Буюк Британия, АҚШ, Германия, Европа хамда Осиё мамлакатлари инвесторлари орасида тақсимланганлиги айтилмоқда.

2022 йилда 1hls.uz платформасига 60 млрд сўм ажратилади — президент

Шавкат Мирзиёев Молия вазирлигига 2022 йилда «Соғлом турмуш тарзи» платформасини (1hls.uz) янада оммалаштириш учун қўшимча 60 млрд сўм ажратиш бўйича топшириқ берди. Маълумотларга кўра, мазкур платформадан фойдаланувчилар бугунги кунда 600 минг нафарга етди, уларга пиёда юргани учун 18 млрд сўм тўлаб берилди.

12 та туман ҳокимлари кўчат экишни бошламагани учун огоҳлантириш олди — президент

Шавкат Мирзиёев «Яшил макон» дастури бўйича кўчат экиш ишлари ҳалигача бошланмагани учун Қўшработ, Каттақўрғон, Томди, Дўстлик, Арнасой, Фориш, Янгиариқ, Шеробод, Термиз, Музработ, Ғузор, Китоб туманлари ҳокимлари қатъий огоҳлантирилганини маълум қилди.

Собиқ профилактика инспектори Қува туман ИИБ раҳбарияти устидан ИИВга шикоят қилди

Собиқ профилактика инспектори Нозимжон Нишонов Қува тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари устидан шикоят қилиб, ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга видеомурожаат йўллади. ИИБ бошлиғи ўринбосари профилактика инспекторларидан ҳар куни 55 минг сўмлик «ўрта фонд» ундираётгани, кунлик мажбурий режа жорий қилгани ва ходимларни ҳақоратлаб, шахсий манфаатлари йўлида ишлатаётгани айтилмоқда.

Яккабоғ ҳокимининг Captiva`си ЙТҲга учради. Аввалроқ депутат машина харид қилиш ўрнига муҳтожларга ёрдам беришни таклиф қилганди

Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани ҳокимининг Captiva хизмат машинаси иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Ҳодиса содир бўлган вақтда туман раҳбари машинада бўлмаган. Май ойида 25 нафар туман депутатидан 24 нафари 311 млн сўмга автомобиль сотиб олишни маъқуллаган. Кенгашнинг фақат бир вакили ушбу харидга қарши чиққан ва шу пулни мухтожларга тарқатишни таклиф қилган.

Сабзи нархлари 4−5 баробаргача арзонлашди — Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Ноябрь ойида сабзининг нархи 2021 йил июнь ойи билан таққослаганда 4−5 баробаргача арзонлашди. Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг прогнозларига кўра, нархлар 2022 йил баҳори — кутиладиган янги ҳосилга қадар шу даражада сақланиб қолади.

«Фақат ички бозорга йўналтирилган маҳаллийлаштиришдан маъно йўқ» — Шуҳрат Вафоев

Германияда бўлиб ўтган анжуманда Ўзбекистонда маҳаллийлаштириш ва ўзбек контейнер кранларининг сифати масаласи кўтарилди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Шуҳрат Вафоев фақат ички бозорга йўналтирилган маҳаллийлаштириш ҳақида гапиришдан маъно йўқ эканлигини тан олди. «Биз бунга ўзимизнинг аччиқ тажрибамиздан ҳам, ўша пайтда импорт ўрнини босиш билан шуғулланган бошқа Лотин Америкаси давлатларининг тажрибасидан ҳам амин бўлдик», — деди у.

Ўзбекистон хом ашё манбаси бўлиб қолмоқчи эмас — Шухрат Вафаев

Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Шухрат Вафаев Германиядаги анжуманда «Ўзбекистоннинг амбициялари хом ашё манбаси бўлиб қолишдан кўра кенгроқ» эканлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мамлакат глобал етказиб бериш занжирларида юзага келган бўшлиқларни тўлдириш учун ишлаб чиқариш ва қайта ишлашнинг бир қисмини ўзига олиши мумкин.

Вилоятларда молия-иқтисодиёт сектори ходимлари мажбуран маҳаллада «ҳоким ёрдамчиси» лавозимига ўтказилаётгани айтилмоқда

Республика бўйлаб барча маҳаллаларда «ҳоким ёрдамчиси» лавозимига молия-иқтисодиёт сектори ходимлари мажбурлаб ўтказилаётгани айтилмоқда. Мурожаатчиларнинг сўзларига қараганда, улар ушбу лавозимга ўтишни рад этса, «президентга хиёнат» қилаётганликда айбланиб, ишдан бўшатилиши билан қўрқитилмоқда. Суҳбатга келмаганлар эса ички ишлар органлари томонидан мажбуран олиб кетилаётгани маълум қилинди. Аввалроқ, сайловолди ташвиқоти даврида Шавкат Мирзиёев «ҳоким ёрдамчиси» лавозимига ёшлар орасидан номзодлар танлаб олинишини айтганди.

«Газета.uz»да чиққан мақола ва фотоматериаллар:

Чанг бўронлари қандай пайдо бўлади, улар қанчалик хавфли ва мутасаддилар қандай чора кўришлари зарур?

Қум ва чанг бўронлари қандай пайдо бўлади? Улар атроф-муҳит, инсон саломатлиги ва иқтисодиётга қандай таъсир кўрсатади? Қандай эҳтиёт чораларига амал қилиш зарур ва мутасаддилардан қандай чораларни кўриш талаб этилади? «Газета.uz» ЖМТ, UNEP, ЖССТ ва бошқа ташкилотлар маълумотлари асосида мавзу юзасидан шарҳ тайёрлади.

Фото: Тошкентда куз

Тошкентда олтин куз фасли ўз ниҳоясига етмоқда. Октябрь ва ноябрь ойларининг ранг-баранг манзаралари — «Газета.uz» фотожамланмасида.