Ўзбекистон «яшил» кун тартибининг долзарб масалаларини илгари суриш ва иқлим ўзгариши жараёнларини тўхтатиш бўйича кўп томонлама саъй-ҳаракатларда фаол иштирок этишга тайёр. Бу ҳақда 9 ноябрь куни Глазгода бўлиб ўтган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси (COP26) иштирокчи-давлатлари конференциясининг 26-сессиясида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов маълум қилди.

Бош вазир ўринбосари мамлакат номидан миллий баёнот билан чиқиш қилар экан, Ўзбекистон халқаро ҳамжамият билан биргаликда сайёра келажаги учун барча зарур чора-тадбирларни амалга оширишга қўшилишини таъкидлади, деб хабар берди Азиз Абдуҳакимов раҳбарлигидаги Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz» га.

У ўз нутқида иқлим ўзгариши ҳозирги замон асосий муаммоларидан бири бўлиб, одамларнинг ҳаёт сифатига бевосита таъсир кўрсатаётганини таъкидлади. Глобал ҳарактерга ва мисли кўрилмаган миқёсга эга бўлган иқлим ўзгаришларининг оқибатлари Марказий Осиё минтақасида тўлиқ намоён бўлмоқда.

Орол денгизи ҳалокати натижасида минтақада иқлим ўзгаришлари жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан икки баравар кучлироқ бўлмоқда. Салбий оқибатлар қаторида чанг бўронлари частотаси ва географиясининг ортиши, ерларнинг ёмонлашуви кескинлашиб бораётгани ва сув ресурсларининг қисқариши ҳам бор, — деди бош вазир ўринбосари.

Бу жараёнларни эътироф этган Ўзбекистон ҳукумати «яшил» кун тартибидаги масалаларни илгари суриш, экология ва биохилма-хилликни сақлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга жиддий эътибор қаратмоқда. «Бу бизнинг бугунги ва келажак авлодлар олдидаги инсоний бурчимиздир, — дея у президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясидаги нутқидан иқтибос келтирди.

Ўзбекистон миллий миқёсда «яшил» иқтисодиётга ўтиш бўйича комплекс стратегия ҳамда қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш дастурини амалга оширмоқда. 2021 йилдан бошлаб мамлакатда ҳар йили 200 млн туп дарахт ва бута кўчатлари экиш режалаштирилган. 2030 йилга келиб иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини икки баробарга, қайта тикланадиган энергия улушини эса камида 25 фоизга етказиш кўзда тутилган.

Азиз Абдуҳакимовнинг таъкидлашича, Париж келишуви доирасида Ўзбекистон 2010 йилга нисбатан 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари чиқаришни 35 фоизга камайтириш бўйича қўшимча мажбурият олади (бундан аввал 10 фоизга камайтириш режалаштирилган эди). Ушбу мақсадга эришиш учун кам углеродли ривожланиш миллий стратегиясини ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Минтақавий миқёсда Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатларидаги ҳамкорлари билан биргаликда «қурғоқчилик ва сув танқислигига қарши курашиш, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш ва унга туташ ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш соҳасида қатъий чоралар кўрмоқда», деди бош вазир ўринбосари.

Ана шу чақириқларга қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида келаси йили Нукус шаҳрида БМТ шафелигида «яшил» энергия бўйича юқори даражадаги халқаро форум ўтказилиши режалаштирилган. Азиз Абдуҳакимов конференция иштирокчиларини БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик траст фонди доирасидаги лойиҳа ва дастурларни амалга оширишда фаол иштирок этишга чақирди.

Ўзбекистон, шунингдек, яқинда бўлиб ўтган «Катта йигирматалик» (G-20) йиғилишида биологик хилма-хиллик бўйича мувозанатли ва самарали Глобал асосни қабул қилиш бўйича келишувни олқишлайди, деди у.

Халқаро экологик сиёсатнинг устувор йўналишларини муҳокама қилиш учун бош вазир ўринбосари 2023 йилда БМТнинг Атроф-муҳит бўйича юқори даражадаги 6-ассамблеясини Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди.

У шунингдек, Ўзбекистон Глазгодаги саммитда қабул қилинган ўрмонлар ва ердан фойдаланиш бўйича қўшма декларацияни қўллаб-қувватлашини билдирди.