Президент Шавкат Мирзиёев 8 ноябрь куни давлат объектларини хусусийлаштириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

2021−2022 йилларда давлат улуши бўлган корхоналар сонини камида 3 баробар қисқартириш режалаштирилган. Жорий йилда 4 трлн 500 млрд сўмлик (Марказий банкнинг 9 ноябрдаги курси бўйича 420,8 млн доллар) 619 та давлат активи сотилган.

Ўзбекистон президенти лавозимига киришиш маросимида Шавкат Мирзиёев давлат корхоналарини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш жараёнларини тезлаштириш иқтисодиётни ислоҳ этишнинг устувор вазифаларидан бири бўлишини айтган эди. Йиғилишда шу борада амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Давлат раҳбари хусусийлаштиришнинг янги усулларини жорий этиш ва унинг барча босқичларида очиқ-ошкораликни таъминлаш энг асосий масала эканини таъкидлади.

Хусусийлаштирилаётган корхоналарнинг молиявий барқарорлиги ва инвестицион жозибадорлигини ошириш муҳимлиги қайд этилди. Шу мақсадда, нуфузли хорижий консультантларни жалб қилган ҳолда, йирик тармоқ корхоналарини хусусийлаштириш стратегиясини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, стратегик корхоналар бошқарувига халқаро малакага эга менежерларни жалб қилиш зарурлиги айтилди. Қиймати 10 миллион доллардан юқори бўлган активларни сотиш жараёнида таклифларни қабул қилиш ва уларни баҳолаш мустақил хорижий консультант томонидан амалга оширилиши белгиланди.

Соҳада келгуси йилга мўлжалланган вазифалар ҳам кўп. Жумладан, 32 та йирик давлат активини сотиш, «Ўзсаноатқурилишбанк»ни хусусийлаштириш, давлат корхоналарининг 368 та носоҳавий ва самарасиз активларини савдога чиқариш режалаштирилган. Ҳудудларда 770 та актив сотишга тайёрланган. Булар орқали бюджетга қарийб 10 трлн сўм тушум таъминланиши кўзда тутилган. Мутасаддиларга шу борадаги ишларни жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Президент давлат корхоналарига стратегик инвесторларни жалб қилиш, фақат мавжуд қувватларни ишлатиш билан чекланмасдан, корхоналар фаолиятини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

Мисол учун, «Навоийазот» акциядорлик жамияти негизида учта алоҳида корхона ташкил этган ҳолда, «кимё саноати кластери» фаолияти йўлга қўйилмоқда. Бу кластер инфратузилмасини бошқариш учун тажрибали хусусий оператор жалб қилинади.

Давлат раҳбари инвесторлар сармоя киритиш билан бирга янги лойиҳалар таклиф қилиши, замонавий билим ва технологияларни олиб келиши муҳимлигини таъкидлади.

Мутасаддиларга, шуларни инобатга олган ҳолда, 2022 йил учун хусусийлаштириш дастурини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Аввалроқ молия вазири Тимур Ишметов хусусийлаштиришдан асосий мақсад инвесторларга давлат бозорларни тарк этаётгани ва улар давлат компаниялари томонидан адолатсиз рақобатга дуч келишидан қўрқмаслигини кўрсатишдан иборат эканини таъкидлаганди. «Самарасиз давлат корхоналаридан қанчалик тез қутулсак, биз учун шунчалик яхши», — деган эди у.

2020 йилнинг октябрь ойида президентнинг «Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори имзоланган бўлиб, мазкур ҳужжат билан 620 дан ортиқ трансформация қилинадиган йирик давлат корхоналари ва хўжалик бирлашмалари рўйхати ҳамда корпоратив бошқарув ва молиявий аудит жорий этиладиган, операцион самарадорлиги ошириладиган давлат иштирокидаги корхоналар рўйхати тасдиқланганди.

Февраль ойида президент давлат активларини хусусийлаштиришни тезлаштириш бўйича топшириқ берди.

2021 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон давлат активларини хусусийлаштиришдан 105 млн доллар даромад олди, деди Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Акмалхон Ортиқов. Жорий йилда жами 900 та объект сотувга қўйилган бўлиб, йил охиригача жами 600 млн доллар даромад келтириши мумкин.