8 ноябрь куни мамлакат жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун «Нельсон Мандела қоидаларининг асосий тамойиллари»мавзусида амалий тренинг бошланди, дея хабар қилди Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ матбуот хизмати.

Уч кунлик ушбу тадбир Миллий марказ томонидан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ва Даниянинг Қийноқларга қарши кураш институти билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.

Тренинг доирасида Нельсон Мандела қоидаларининг асосий тамойиллари ҳамда ушбу қоидаларга киритилган ўзгартиришлар, тегишли ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, маҳкумларни қийноқлар ва шафқатсиз муомаладан ҳимоя қилиш юзасидан жазони ижро этиш муассасалари ходимларининг билимини ошириш ва кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, улар жазони ижро этиш муассасасида хавфсизлик ва инсон ҳуқуқларини мувозанатлаш борасида тушунча ва амалий билимга эга бўлишади.

Амалий тренингда Миллий марказ директори Акмал Саидов, ЕХҲТнинг Инсонийлик мезони бўйича катта лойиҳаси ходими Марте Лангеланд, халқаро экспертлар Калия Камбанелла, Вадим Човган, Мари Брасхольт, Ўзбекистон Бош прокуратураси Академияси, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари, Андижон, Наманган, Фарғона, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги жазони ижро этиш муассасалари ходимлари иштирок этмоқда.