Касаба уюшмалари федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев АОКАда ўтган брифингда уюшмалар фаолияти юзасидан ҳисобот берди.

Маълум қилинишича, ўтган даврда касаба уюшма ташкилотлари томонидан юридик ва жисмоний шахсларнинг 38 мингдан ортиқ мурожаати кўриб чиқилганди. Ходимлар ҳуқуқ ва манфаатларининг поймол этилиши борасида аниқланган фактлар бўйича иш берувчиларга 3 мингдан ортиқ тақдимнома, судларга 800 га яқин даъво аризаси киритилган.

Натижада 14 мингга яқин ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланиб, улар фойдасига 13,6 млрд сўмдан ортиқ маблағ ундириб берилди. Ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш мақсадида 16 мингга яқин корхона ва ташкилот фаолияти ўрганилиб, аниқланган 61 мингдан ортиқ камчиликлар бартараф этилиши таъминланди.

4 мингта корхона ва ташкилотда иш ўринлари аттестацияси бўйича ўтказилган мониторинг натижасида 1320 та корхонада 60 мингга яқин иш ўрни аттестациядан ўтказилди.

Шунингдек, ўтган даврда касаба уюшмалари иштирокида тузилган тармоқ келишувлари сони 95 тадан 110 тага ортди. Қарийб 110 мингта жамоа шартномаси амал қилаётгани ҳолда, улар орқали 4 млн 372 мингдан ортиқ меҳнаткаш қамраб олинди.

Жамоа шартномаси тадбирларини бажариш учун республика бўйича ўрта ҳисобда 1 нафар ходимга йил давомида сарфланган маблағ миқдори 1,5 млн сўмдан 5 млн 62 минг сўмгача ошди.

Шунингдек, 9 ой давомида жамоа шартномалари орқали 173 мингдан ортиқ фуқарога ва қарийб 49 минг оилага 117 млрд 439 млн сўмлик ижтимоий кўмак кўрсатилди.

«Аёллар дафтари» тизими орқали ўтган давр мобайнида касаба уюшмалари томонидан мутасадди вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар билан ҳамкорликда 6,5 миллиондан ортиқ хотин-қиз билан мулоқотлар ўтказилиб, улардан 900 минг нафар хотин-қизларнинг муаммолари ижобий ҳал этилди.

Аёлларни қўллаб-қувватлаш ва муаммоларини ҳал этиш мақсадларига давлат томонидан 1 трлн 951 млрд сўм маблағ йўналтирилди.