Бухоро шаҳридаги «Ideal Lift» МЧЖ ва Жанубий Кореянинг Songuo Mobility Innovation CO, LTD. компанияси билан ҳамкорликда вилоятда электромобилларни ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

1 млрд 210 млн долларга тенг бўлган лойиҳа йилига 30 минг дона электромобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этиши кўзда тутилган.

«Лойиҳани амалга ошириш натижасида 450 нафардан зиёд ишсиз аҳоли бандлиги таъминланади, — дейди „Ideal Lift“ МЧЖ раҳбари Комилжон Қудратов. — Бу лойиҳа ташқи бозорда республиканинг миллий манфаатларини ҳимоя қилиш, ўзбек истеъмолчиларининг манфаатларини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади».

Жанубий Кореянинг Songuo Mobility Innovation CO., LTD. етакчи компанияси ҳамда Бухоро шаҳридаги «Ideal Lift» МЧЖ томонидан икки томонлама, шунингдек, лойиҳа бўйича тайёргарлик ишларини бошлаш тўғрисида битим, жумладан юқори технологияли ускуналарни етказиб бериш, лойиҳалаштириш, монтаж жараёни давомида назорат қилиш ва электромобиллар ишлаб чиқариш назарда тутилган шартнома имзоланди, дейилади хабарда.

Июнь ойида Андижон вилоятидаги Асака заводида электромобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши маълум қилинган. 2021−2023 йилларда 80 млн доллар инвестиция эвазига, 8 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган эди.

Аввалроқ, Фарғона вилоятида декабрь ойида «Central Asia Motors» корхонасида 4 та енгил ва 8 та юк электромобиллари тест режимида ишлаб чиқарилиши ҳақидахабар берган эдик. Корхона тўла қуввати билан ишга тушгач, йилига 10 минг электромобиль ишлаб чиқариши кутилмоқда. Ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 40 фоизи экспорт қилиниши айтилган.