Дунё бўйлаб COVID-19 га чалинганлар сони 250 млндан ошди

АҚШнинг Johns Hopkins университети маълумотларига кўра, дунёда коронавирусга чалинганлар сони 250 миллиондан ошди. 9 ноябрь ҳолатига кўра, пандемия бошидан бери COVID-19'га чалинганлар сони 250 млн 563 минг 666 нафарни ташкил этмоқда.

Касалланиш ҳолатларининг кўплиги бўйича АҚШ биринчи ўринда бормоқда — 46,62 млн киши. Ундан кейин эса Ҳиндистон (34,3 млн), Бразилия (21,88 млн), Буюк Битания (9,3 млн) ва Россия (8,7 млн) турибди.

Дунё бўйлаб 5 млн 60 минг 292 нафар киши вафот этган. Коронавирус оқибатидаги ўлимлар бўйича ҳам АҚШ етакчилик қилмоқда, мамлакатда пандемия бошидан бери 754 431 киши вафот этган.

Дунё аҳолисини коронавирусга қарши эмлаш учун 7,2 миллиарддан ортиқ дозада вакцина қўлланилган.

Шунингдек:

Россияда бир сутка давомида 1211 киши COVID-дан вафот этди, дея хабар беради РБК. Бу мамлакат учун коронавирус пандемияси бошланганидан бери мутлақ максимал кўрсаткич ҳисобланади. Аввалги максимал ўлим сони 5 ноябрда қайд этилиб, шу куни 1192 киши коронавирусдан вафот этганди.


Польшаликлар Беларусь чегарасидаги вазият туфайли америкаликларга мурожаат қилди

8 ноябрь куни Беларусь-Польша чегарасида мигрантларнинг бир неча минглик гуруҳи тўпланди. Польшалик Twitter фойдаланувчилари Беларусдан Польшагача бўлган чегарадаги ушбу вазиятга муносабат билдирди. Уларнинг кўпчилиги Варшава инқирозни ўз-ўзидан бартараф эта олмайди, дея қарор қабул қилган. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

Мамлакат Мудофаа вазирлиги Польша-Беларус чегарасидаги мавжуд вазиятни акс эттирувчи бир қанча фото ва видеоматериалларни чоп этди. Польшаликлар эса изоҳларда эса турли фикрлар қолдира бошлади.

«Даҳшат! Қачон девор қуришни бошлаймиз? Европа Иттифоқи бунинг учун пул бериши керак», — деб ёзди улар Twitter’да.
«Польша муҳожирлар бўйича ёрдам сўраган бошқа Европа давлатларининг устидан шунча вақт кулди, энди эса ўзи ёрдам сўрашига тўғри келади», — деб ёзади бошқа фойдаланувчи изоҳларда.

Ўз навбатида, Беларус давлат чегара қўмитаси расмий вакили Антон Бичковский Минск чегара ҳудудида хавфсизликни таъминлаш ва провокацияларнинг олдини олиш учун барча чораларни кўраётганини айтди.

Охирги ойларда Литва, Латвия ва Польша Беларус билан чегарада ноқонуний муҳожирлар сони ортгани ҳақида хабар берган. Хусусан, сўнгги маълумотларга кўра, 30 мингдан ортиқ одам ноқонуний равишда Польшага киришга уринган.

Александр Лукашенконинг таъкидлашича, Ғарб санкциялари туфайли Минскда одамлар оқимини тўхтатиш учун «на пул, на куч» йўқ.


Нигерда мактабдаги ёнғин оқибатида 25 нафар бола ҳалок бўлди

Нигернинг Маради вилоятида 8 ноябрь, душанба куни эрталаб мактаблардан бирида юз берган ёнғин оқибатида беш ёшдан олти ёшгача бўлган камида 25 нафар бола ҳалок бўлди, яна бир қанча мактаб ўқувчилари жароҳат олган. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Воқеа гувоҳларидан бири жароҳатланган болаларнинг воқеа жойидан машиналарда қандай қилиб шифохонага олиб кетилганини кўргани, жабрланганларнинг баъзилари оғир аҳволда эканлигини айтди. Мактабдаги барча дарслар бекор қилинган.

Хабарда айтилишича, ёнғин сабаблари ҳозирча номаълум, тергов давом этмоқда.


Чили депутатлар палатаси президентга импичмент эълон қилиш қарорини маъқуллади

Чили депутатлар палатаси мамлакат президентининг импичментини маъқуллади, энди Сенат бу масалани кўриб чиқади, дея хабар берди РИА Новости.

«78 киши „рози“, 67 нафар депутат „қарши“ ва учта бетараф овоз билан Депутатлар палатаси президент Себастян Пинеранинг импичментини маъқуллади», — дейилади баёнотда.

Октябрь ойи ўрталарида Чилидаги мухолиф партиялар «Pandorra papers» ҳужжатлари нашр этилгандан сўнг Пинера учун конституциявий импичмент жараёнини бошлаган эди.


Португалияда янги қонунга кўра иш берувчилар ходимлар билан ишдан ташқари вақтда гаплашиши тақиқланди

Португалия парламенти масофадан ишлашни тартибга солувчи янги қоидаларни қабул қилди. Хусусан, эндиликда бошқарувчилар иш вақтидан ташқари қўл остидагиларни безовта қилса, жарима тўлайди.

Шунингдек, масофадан туриб ишлаётган ходимлар, янги қоидаларга кўра, ўз хизмат вазифаларини бажариш билан боғлиқ электр энергияси ва интернет харажатлари учун қисман компенсация олиш ҳуқуқига эга. Кичкина болалари (8 ёшгача) бўлган ходимлар энди раҳбарият томонидан, агар ходимнинг ўзи истак билдирса, масофадан туриб ишлашга рухсат бериши шарт.

Янги қоидалар фақат 10 дан ортиқ киши ишлайдиган компанияларга тегишли.