Бугун, 9 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида юрак қон-томир ва эндокрин касалликларнинг олдини олиш ва уларни даволаш тизимини такомиллаштиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.

Йиғилиш доирасида президент кардиология соҳасидаги муаммоли масалалар тўғрисида тўхталиб ўтди.

Унинг қайд этишига кўра, 30−70 ёшдаги аҳоли ўртасида ўлим ҳолатларининг 53 фоизи ҳанузгача юрак-қон томир касалликларига тўғри келмоқда. Сўнгги беш йилда юрак-қон томир касалликлари 20 фоизга, ҳатто ёшлар орасида ҳам кўпайган. 40 ёшдан юқори аҳолининг 20−25 фоизида гипертония аломатлари мавжуд.

Давлат раҳбари сўзларига кўра, ўтказилган хатловлар натижалари республика бўйича 4 млнга яқин аҳоли орасида юрак-қон томир касалликлари аниқланган бўлиб, умумий аҳолининг 12 фоизини ташкил этишини кўрсатган. Айниқса, бундай касалликларга чалинган аҳоли сони Наманганда — 18 фоиз (450 минг нафар), Фарғонада — 17 фоиз (600 минг), Бухорода — 14 фоиз (230 минг), Қашқадарёда — 13 фоиз (470 минг)ни ташкил этиб, республика кўрсаткичидан юқори.

Шавкат Мирзиёев таъкидлашича, Тошкент шаҳри, Бухоро, Навоий ва Тошкент вилоятларида юрак-қон томир касалликларининг оғир асоратлари қолган ҳудудларга нисбатан баланд.

Видеоселекторда мазкур муаммоларни ҳал этиш ва юрак-қон томир касалликларини барвақт аниқлаш, уларни олдини олиш ҳамда даволаш бўйича дастур ишлаб чиқилиб, мутлақо янги тизим жорий қилиниши маълум қилинди.

Келгуси йилдан 40 ёшдан ошган барча аҳоли (10 миллион нафар) оилавий поликлиника ва тиббий бригадалар орқали йилига камида бир марта манзилли скринингдан ўтказилади. Туман лабораториялари коагулометр ва зарур реактивлар билан таъминланаши кутилмоқда. Юрак-қон томир касалликлар аниқланган аҳолининг ягона электрон реестри юритилади. Юрак-қон томир касалликлари учун эналаприл каби дорилар доимий равишда 200 мингдан зиёд эҳтиёжманд аҳолига бепул тарқатилиши ҳам кўзда тутилган.

Шунингдек, тууманлардаги ҳар бир маҳаллада «гипертония саломатлик мактаблари»ни ташкил этилади. Оилавий шифокор пунктлари ва поликлиникаларда ҳамшираларнинг вазифалари ҳам қайта кўриб чиқилиб, уларнинг функциялари кенгайтирилиши режалаштирилган.

Президент томонидан кардиология соҳасидаги вазифалар ҳам муҳокама қилинди. Қайд этилишича, бирламчи бўғинга дори ва тиббий буюмлар учун келгуси йилда бюджетдан 580 млрд сўм ажратилади. Бу жорий йил харажатларидан 3 баробар кўп.

Шунингдек:

  • 14 мингдан зиёд тиббиёт бригадалари ва оилавий шифокорлар юрак касалликларини барвақт аниқлаш ва бирламчи ёрдам кўрсатишга ўқитилади;
  • келгуси йил якунигача барча оилавий шифокор пунктлари ва поликлиникаларда ҳамшира кўрик хонаси ташкил қилинади;
  • келгуси йил давомида малака ошириш марказларида 15 минг нафар ҳамширанинг махсус онлайн курсларда ўқитилиши таъминланади;
  • туман шифохоналарига 4 турдаги кардиология ускуналари ўрнатилиб (ЭКГ, ЭхоКГ, холтер-монитор ва дефибриллятор), кўрсатиладиган хизматлар 5 тадан 15 тага оширилади. Бунинг учун қўшимча 60 миллиард сўм йўналтирилади.

«Бугунги йиғилишда кардиология билан бирга эндокринология масалалари ҳам муҳокама қилиниши лозим эди. Лекин, Эндокринология марказининг янги биноси, раҳбари каби масалалар ҳанузгача ечимини топмагани учун йиғилиш кун тартибидан чиқариб юборилди», — деди Шавкат Мирзиёев. Давлат сўзларига кўра, Вазирлар Маҳкамасидаги соҳага масъул ходим лавозимидан бўшатилган.