Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида Зулфия Зокирова номидаги ёдгорлик мажмуасини қуриш ва унга туташ ҳудудни ободонлаштириш учун 28,4 млрд сўм йўналтириш режалаштирилмоқда. Шунингдек, Nurafshon Business City ҳудудида кутубхона қуриш учун 6 млрд сўм маблағ сарфланиши белгиланган. Вилоят ҳокими Даврон Ҳидоятовнинг 3 ноябрдаги фармойишида бу ҳақда сўз боради.

Ушбу мақсадларга маҳаллий бюджетининг жорий йил III чорак якуни шаклланган даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан жами 34,4 млрд сўм (Марказий банкнинг 8 ноябрдаги курси бўйича 3,2 млн АҚШ долларидан ортиқ) маблағлар йўналтирилади.

Жамоатчиликнинг режалаштирилаётган харажатларни асослаш борасидаги талабларига жавобан, вилоят ҳокимлиги тушунтириш берди. Унда қайд этилишича, парк, ўйин ва пикник майдонлари, амфитеатр, терассали ва ёпиқ турдаги кафелар, фавворалар, ташриф буюрувчилар учун қулай ўриндиқлар ва яшил ҳудудлар, пиёдалар ва велосипедчилар учун қулай йўлаклар, болалар майдончаларидан иборат ушбу йирик мажмуа 2.97 гектар майдонда бунёд этилади.

Хабарда келтирилишича, меъморий ёдгорлик мажмуасини қуриш ташаббусини Шавкат Мирзиёев 16 октябрь куни Тошкент вилояти сайловчилари билан учрашув давомида вилоят ривожига доир кўплаб таклифлар қаторида илгари сурган эди.

Вилоят маъмурияти маълумотларига кўра, эълон қилинган тендерда ғолиб бўлган қурилиш корхонаси томонидан айни пайтда лойиҳалаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Ҳокимликдан «Газета.uz»га аниқлик киритилишича, лойиҳа 2007 йил апрелда Қаршида рўйхатдан ўтган Qashqadaryo Maks Servis Qurilish хусусий корхонаси томонидан амалга оширилмоқда. Компаниянинг ягона муассиси Махрифат Бойматова Шодиевна, раҳбар — Баҳодир Шокир ўғли Юлдашев.

Вилоят маъмурияти хабарида келтирилишича, 1,1 гектар ер майдонида замонавий 3 қаватли кутубхона қурилиши режалаштирилган бўлиб, иншоот функционал зоналар ва компьютер ускуналари билан жиҳозланади.

Бундан ташқари, индивидуал ишлаш ва дам олиш учун коворкинг зоналари, тадбирлар ўтказиш, ижод билан шуғулланиш ҳамда қизиқарли интеллектуал ўйинлар ўтказиш учун махсус хоналар ажратилади.

«Давлат раҳбари ташаббуси билан қурилиши режалаштирилган ушбу иншоотлар вилоят аҳолиси, ёшлари ва меҳмонлари учун нафақат мароқли ҳордиқ чиқариш, балки маънавий-ахлоқий қадриятларни юксалтириш йўлида ҳам муҳим қадам бўлади», — дейилади хабарда.

«Ҳурматли журналист ва блогерларимиздан бу мавзудаги ахборотни тарқатишда тафсилотларга эътибор қаратишларини сўраймиз, — дея қайд этди ҳокимлик. — Қурилиш ишларининг бориши ва унга сарфланаётган маблағлар ҳақида жамоатчиликка қўшимча ахборот бериб борилади».

Зулфия Зокирова — Иккинчи жаҳон урушида беш ўғлидан айрилган Тошкент вилояти Зангиота тумани Хонобод қишлоғида яшаган аёл. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига кўра «ЭЗГУФилм» кинокомпанияси Зулфия Зокированинг фожиали воқеаси ҳақида ҳикоя қилувчи реал воқеалар асосида «Илҳақ» бадиий фильмини суратга олган эди.