Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталарининг шанба куни бўлиб ўтган қўшма мажлисида қасамёд қабул қилиб, давлат раҳбари лавозимига қайта киришди.

«Газета.uz» мухбири хабар беришича, ундан сўнг давлат раҳбари нутқ сўзлаган.

«Асосий қомусимиз кафили сифатида Конституция ва қонунларимиз талабларини сўзсиз бажариш, „Инсон қадри учун“ деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқариш, бундан буён ҳам фаолиятимнинг бош мезони бўлиб қолади», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас. «Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз», — дея тушунтирди президент.

«Инсон қадри деганда, биз ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишни, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб беришни тушунамиз», — деди у.

Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, келгуси беш йил учун устувор йўналишларни белгилаб олишда, ўтган даврда эришган ютуқлар билан бирга, йўл қўйилган хато ва камчиликларни ҳам танқидий нуқтаи назардан чуқур таҳлил қилиш лозим.

«Нега деганда, ўз келажагини ўз қўли, ўз кучи билан яратишга бел боғлаган халқ ва миллат кечаги кундан тўғри сабоқ чиқариб, олдинга интилиб яшайди», — деди у.

У ўз сўзида сайловолди учрашувларида мамлакатдаги ҳар бир шаҳар ва туманни ижтимоий-иқтисодий, маданий ва маърифий ривожлантириш бўйича янги режалар тузилганини эсга олди.

Ҳозирги кунда ана шу таклифларни умумлаштириб, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида-алоҳида дастурларни ишлаб чиқилиши ва уларни йиллар кесимида амалга оширилишини таъкидлади.

«Мен бундан беш йил олдин, яъни президентлик фаолиятимни бошлаган илк кунларда айтган фикримни яна такрорлайман: менга сохта ва баландпарвоз гапларнинг кераги йўқ, — дея сўзида давом этди президент. — Қуруқ ва ёлғон гаплар, таги пуч рақамлар — бу фақат ўзимизни алдаш бўлади. Бу фақат ишимизга зиён етказади».

У мамлакат учун умумий иш ва ҳаракатга фойда берадиган ғоя ва фикрлар, амалий таклиф ва ташаббуслар, аниқ натижалар кераклигига урғу берди. «Бундан бошқа йўлни мен мутлақо қабул қилмайман», — деди Шавкат Мирзиёев.