5 ноябрь куни пойтахт аҳолисининг асосий қисмини ичимлик суви билан таъминловчи «Қодирия» бош сув иншоотида юқори кучланишли электр таъминотида носозлик сабабли насос агрегатларида ўчиш ҳолати юзага келди.

«Тошкент шаҳар сув таъминоти»нинг хабарига кўра, шу туфайли Тошкент шаҳрининг қатор ҳудудларида ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ узилишлар кузатилмоқда.

Таъкидланишича, ҳозирги вақтда электр таъминоти қайта тикланган, ичимлик сув гидравлик режимини тиклаш бўйича тезкор чоралар кўрилмоқда. 2−3 соатда Тошкент шаҳри сув таъминоти ўз маромига қайтади.

Мирзо Улуғбек туман ҳокимлиги маълум қилишича, авариявий ҳолат сабаб Мирзо Улуғбек тумани ТТЗ-4 мавзесидаги 14/1 ва 14/2 локал қозонхоналарга совуқ сув босими пасайган, совуқ сув келиши тўхтаган.

Оқибатда эса 37 та кўп қаватли уйларда иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти тўхтатилган. Худди шундай Буюк Ипак йўли кўчасида ҳам 214 уйларда таъминот тўхтаган.

Кейинчалик, Мирзо Улуғбек тумани ТТЗ-1, ТТЗ-2, ТТЗ-4, Қорасув-1, Қорасув-2, Қорасув-3, Қорасув-4 ва Феруза массивлари, Олтинтепа, Саёҳат, Хирмонтепа, Подшобоғ, Орол ва Салом кўчалари, Буз-1, Чуст кўчаларида ҳам ичимлик суви таъминоти вақтинча тўхтатилди.

Туман ҳокимлиги юзага келган ноқулайликлар (тўлиқ рўйхат) учун узр сўраб, мутасадди ташкилотлар иш олиб бораётганини қайд этди.

Сўнгги хабарларга кўра, туманда босқичма босқич ичимлик суви таъминоти тикланмоқда.