Uzbekistan Airports матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда 4 ноябрь куни Урганч аэропортида йўловчилар тирбандлиги ҳақида пайдо бўлган хабарларга изоҳ берди.

Компания маълумотларига кўра, тахминан соат 02:00 дан бошлаб Россиянинг iFly Airlines парвозини амалга ошириш нияти билан йўловчилар келишни бошлашди. Йўловчиларнинг барчаси Avia Market орқали авиа чипталарини сотиб олган. Жами 290 та чипта чартер рейсига сотилган.

Йўловчилар жўнаб кетиш залида жойлаштирилди, улар учун қўшимча стуллар ва ўриндиқлар ташкил этилди. Маълум бўлишича, Avia Market компанияси Ўзбекистон транспорт вазирлиги билан парвозни келишмаган ва керакли ҳужжатларни тайёрламаган.

Айни пайтда вазият тартибга солинган ва Москвадан А-330 самолёти Урганчга учиб кетган. Uzbekistan Airports`нинг «Газета.uz»га маълум қилишича, самолёт соат 21:30да ҳавога кўтарилган.

Чоршанба куни Тошкент аэропортида 200 га яқин киши Истанбулга уча олмаган эди. Маълум бўлишича, сайёҳлик компанияси келишмаган ҳолда рейс учун чипталар сотган. Транспорт вазирлиги захирадан самолёт ажратди, дея хабар қилди Uzbekistan Airports.