2021 йилнинг 9 ойида Ўзбекистонга 1,2 млн нафарга яқин хорижий сайёҳлар ташриф буюрган ва 273 млн доллар миқдорида туризм хизматлари экспорт қилинган. Бу ҳақда 5 ноябрь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Қайд этилишича, пандемия даврида 260 минг иш ўрини, 1400 та туристик ташкилот ва 1360 та жойлаштириш воситаси, 2,2 млндан ортиқ гид-таржимон ва туризмга ёндош соҳалар фаолиятини сақлаб қолиш мақсадида соҳадаги тадбирколик субъектларига ссуда, кредит, солиқ имтиёзлари тақдим этилган. Қўшимча тарзда хорижий сайёҳлардан олинадиган туристик йиғим 2023 йил 1 сентябргача тўхтатилган.

Шунингдек, туризм соҳасида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун ҳисобот даврида 6,5 млрд сўм миқдорида маблағ давлат бюджетидан субсидия ажратилган.

Ҳудудий инвестиция дастурлари ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ташаббуслари билан 2021 йил давомида туризм ва спорт соҳаларида умумий қиймати 1 трлн 84 млрд сўм бўлган 318 та лойиҳа амалга оширилган, бунинг натижасида 3 мингга яқин янги иш ўрни яратилган.

Хусусан, янги меҳмонхона ташкил қилган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жами 12 нафар инвесторларга 44 млрд сўм ҳамда улардан 1 нафарига франчайзинг тўғрисидаги шартнома асосида қисман молиялаштириш учун 52,4 минг доллар миқдорида субсидиялар берилган.

Аҳолини саёҳатга жалб қилиш мақсадида туроператор ва турагентларга маҳаллий туристлар учун Ўзбекистон бўйлаб саёҳатларнинг авиа ва темирйўл чипталари учун 15% ҳамда жойлаштириш воситаларининг меҳмонхона хизматлари харажатларини қоплаш учун 10% миқдорда субсидия ажратилган. 1 октябрь ҳолатига ушбу мақсадлар учун 4,8 млрд сўм миқдорида маблағ йўналтирилди.

Туризм ва маданий мерос объектларида инфратузилмани яхшилаш учун Ўзбекистон президентининг 2 апрелдаги ««Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори доирасида 1 трлн сўм (шундан давлат бюджетидан 500 млрд сўм ва Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 500 млрд сўм) миқдорида маблағ ажратилиши белгиланди.

Ушбу маблағлардан:

  • Хива шаҳрида «Марказий Осиё дунё цивилизациялари чорраҳасида» халқаро маданият форуми ўтказилишидан олдин қурилиш-монтаж ва ободонлаштириш ишларига 192 млрд сўм (99 та объект);
  • йўлларни таъмирлашга 76,5 млрд сўм ва сув-оқава ишларига 10,3 млрд сўм (120 та объект);
  • қолган лойиҳа объектларига 98,6 млрд сўм молиялаштирилди.

Шунингдек, туризм соҳасидаги олий ўқув юртлари ва коллежларнинг битирувчиларини иш билан таъминлаш учун «Travel-jobs.uz» веб-сайти (платформа) ишга туширилгани таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, 14 сентябрда президент Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Унга кўра, туроператорлар, турагентлар ва туризм соҳасида меҳмонхона хизматлари фойда солиғини 50 фоиз камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайди.