Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Нукус кўчаси 29-уй ва А.Қаххор 6-тор 2-берк кўчаси 11а-уй Тошкент шаҳар ҳокимнинг 2008 йил 29 сентябрдаги 733-сон қарорига асосан бузилган.

Депутат Расул Кушербаевнинг ёзишича, орадан 13 йил ўтган бўлсада шу кунга қадар бузилган уй-жой ўрнига уй-жой ёки компенсация тўланмаган.

«Мулк эгаси эса уй-жойсиз, сарсон бўлиб, депутатга мурожаат қилмоқда. Қизиқ, қарор чиқариб бировни уйини бузган ҳокимларнинг ўз уйини шундай бузиб,13 йил сарсон қилса қандай бўлади?», — дея савол билан юзланган халқ вакили.

Унинг фикрича, «қанчалик оғир бўлмасин бу ҳаракат давлатнинг ўз фуқароси олдида хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш мажбуриятини бажармаётганини кўрсатмоқда».

Расул Кушербаев ҳолат юзасидан зудлик билан айбдорлар жавобгарликка тортилиши, мулк эгасининг ҳуқуқлари тикланиши шартлигини таъкидлаган.

«Газета.uz» ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматига сўров юборди.