Гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида ДХХ ва Давлат божхона қўмитаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида катта миқдордаги наркотиклар мусодара қилинди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.

Жиззах вилояти

Жиззах вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда Қозоғистоннинг Туркистон областининг Махтаарал районида истиқомат қилувчи, 1976 й.т. қўшни давлат фуқароси ва Зомин туманида яшовчи, 1989 й.т. маҳаллий фуқаро 3 кг 880 гр «опий» моддасини 32 минг долларга сотаётган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.

Тошкент вилояти

Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбирларда эса 1984 йил Қирғизистонда туғилган, Россия фуқароси ҳамда 1963 ва 1968 й.т. икки нафар Қирғизистон фуқароси 9 кг 612 гр «гашиш» моддаси билан қўлга олинди. Шунингдек, 1983 й.т. Тожикистон фуқароси 1 кг 784 гр «опий» ва 3 кг 765 гр «гашиш» моддалари билан ушланди.

Яна бир ҳолатда ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда муқаддам гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун судланган, 1992 й.т. фуқаро ўзининг Nexia-3 русумли автомашинасида Қўқон шаҳрига кетаётган вақтида Оҳангарон туманидаги «Чинор» йўл патрул хизмати масканида тўхтатилди.

Лекин, у ЙПХ ходимларидан қочишга уринганида, сунъий тўсиқ яратилди ва ушланди.

Автомашина кўздан кечирилганда, унинг салон қисмида 4 кг 902 гр «гашиш» моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Самарқанд вилояти

Самарқанд вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда эса муқаддам гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун судланган, 1984 й.т. маҳаллий фуқаро 10 кг 300 гр «опий» моддаси билан қўлга олинди.

Андижон вилояти

ДХХнинг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ўтказган тезкор тадбирда эса Тошкент шаҳри томон ҳаракатланган Cobalt русумли автомашина ЙҲХ ходимларини жалб этган ҳолда, Бўстон туманидаги йўл патрул хизмати масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилди.

Текширув давомида машинада йўловчи сифатида кетаётган Олтинкўл туманида яшовчи, 1977 й.т., муқаддам судланган шахснинг ёнида 961 гр «опий» моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.

Дастлабки суриштирув жараёнларида у мазкур наркотикни Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи, муқаддам гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун судланган, 1974 й.т. Қирғизистон фуқаросидан олганлиги маълум бўлди. Кейинроқ ушбу шахс ҳам қўлга олинди. Шунингдек, унинг яшаш манзилида 240 гр «опий» моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида мусодара қилинган жами 17 кг 165 гр «опий» ва 18 кг 279 гр «гашиш» гиёҳванд моддалари Тожикистон ва Қирғизистондан контрабанда йўли билан олиб ўтилган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари доирасида уларнинг жиноий алоқаларини аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.