4 ноябрь куни кечқурун Тошкентда кузатилган ғайриоддий чанг-қумли туманга шамолнинг кучайиши натижасида тупроқнинг жуда қуриб қолган устки қатлами кўтарилиши сабаб бўлди. Ярим тунда шамол тўхтади, лекин чанг ҳавода узоқ сақланиб турди. «Газета.uz» мухбири Евгений Сорочин бугун эрталаб Тошкентда сайр қилди.

Ўзгидромет атмосфера ҳавосидаги чанг миқдори белгиланган миқдорлардан 5 баробарга ошганини маълум қилган.

Тошкент шаҳри ва бошқа ҳудудларда кўчалар, автомобиллар, ташқарида бўлган одамларнинг кийимлари чанг қатлами билан қопланди. Чанг ҳатто ёпиқ деразалар орқали бинолар ичига кириб, ичкарида ҳам сезилган.

Ўзгидромет прогнозига кўра, пойтахтда чангли туман жума куни ҳам сақланиб қолади. Қисман булутли, ёғингарчилик кутилмайди.

ССВ 4 ноябрь куни кечки вақтдан буён Тошкент шаҳрида тез ёрдам хизматига нафас сиқиши шикояти билан 678 та мурожаат келиб тушганини маълум қилди.

Фото

Республика ихтисослаштирилган аллергия илмий-амалий маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разиқова очиқ ҳавода бўлмаслик ва ниқоб тақишни тавсия қилди.