Россия дипломати Берлиндаги элчихона деразалари остидан ўлик ҳолда топилди

Россиялик дипломатнинг жасади Берлиндаги элчихона консуллик бўлими биноси ёнидан топилди, деб ёзади Германиянинг ҳуқуқ-тартибот идораларига таяниб Spiegel нашри.

Шунингдек, марҳумнинг 35 ёшли эркак экани, 2019 йил ёзида Берлиндаги элчихонанинг иккинчи котиби сифатида аккредитациядан ўтгани айтилмоқда. Маълум қилинишича, у бинонинг юқори қаватидан тушиб кетган бўлиши мумкин. Марҳумнинг ФСБ (Федерал хавфсизлик хизмати) билан алоқаси бўлган. Дипломатнинг жасади Россияга етказилган.


Байден маъмурияти Саудия Арабистонига 650 миллион долларлик қурол сотишни маъқуллади

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Саудия Арабистонига 650 миллион долларлик қурол сотиш бўйича келишувни маъқуллади, деб ёзади Интерфакс.

2018 йил охирида АҚШ Сенати Саудия Арабистонини Ямандаги ҳарбий можарода қўллаб-қувватлашни тўхтатиш ва Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмоннинг журналист Жамол Қошиқчининг ўлими учун жавобгарлиги тўғрисидаги резолюцияларни маъқуллаган эди.

АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Дональд Трамп Саудия Арабистонини қўллаб-қувватлашни тўхтатиш тўғрисидаги резолюцияга вето қўйган ва валиаҳд шаҳзода Қошиқчининг ўлдирилишида иштирок этгани маълум бўлгандан кейин ҳам унга қурол сотишда давом этган.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен февраль ойида Байден Саудия Арабистони билан ҳамкорлик Америка қадриятларини акс эттириши кераклигини айтганига ишора қилган. Унинг қўшимча қилишича, Вашингтон «Саудия Арабистонининг фаоллар, диссидентлар ва журналистларга қарши ҳудуддан ташқаридаги таҳдидлари ва ҳужумларига чек қўйиш» зарурлигини эълон қилган ва АҚШ бунга тоқат қилолмаслигини маълум қилган.

Худди шу ойда Байден Саудия Арабистонининг Ямандаги ҳужумини қўллаб-қувватлашини расман тугатди. Айни пайтда эса Вашингтон Ар-Риёдни минтақадаги муҳим иттифоқчи сифатида кўрмоқда — Интерфакс.


Озарбайжон Қорабоғдаги урушда ҳалок бўлганларнинг 1,7 мингга яқин жасадини Арманистонга юборди

Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жейҳун Байрамов жума куни Қорабоғдаги жанговар ҳаракатлар якунланганидан кейин Боку 1700 га яқин ҳалок бўлган ҳарбийларнинг жасадини Арманистонга топширганини маълум қилди. Бу ҳақда ТАСС нашри хабар берди.

«Ҳозирги кунга қадар 1700 га яқин ҳалок бўлган арман ҳарбийларининг жасади топилди ва топширилди», — деди Байрамов Бокуда бўлиб ўтган «Ғалаба сари 44 кунлик йўл» анжуманида. «Шу билан бирга, биринчи Қорабоғ уруши пайтида бедарак йўқолган 4 минг Озарбайжон фуқаросининг тақдири ҳақида ҳалигача ҳеч нарса билмаймиз», — дея қўшимча қилди у.


Хитой Сурияга мамлакатни тиклашда ёрдам беришда давом этади

Хитой ҳукумати Сурияга мамлакатни тиклаш ва COVID-19 пандемиясига қарши курашда ёрдам беришда давом этиш ниятида. Бу ҳақда Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин жума куни Сурия президенти Башар ал-Ассад билан телефон орқали мулоқотда айтган.

«Хитой Сурия томонига COVID-19 га қарши курашда ёрдам кўрсатишда давом этади, шунингдек, мамлакатни тикланиш ва ривожланишини тиклашда қўллаб-қувватлайди», — дея таъкидлаган Си Цзиньпин.

«Хитой Сурия томонининг давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва миллий қадр-қимматини ҳимоя қилиш бўйича ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди ҳамда ташқи кучларнинг Сурия ички ишларига аралашиш уринишларига қатъий қарши чиқади», — деди Си Сзинпин.

Бунга жавобан Сурия раҳбари Хитойга кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдирди ва Дамашқ хитойлик инвесторларнинг мамлакатни қайта қуришда иштирок этишини олқишлашини айтган — ТАСС.


АҚШ давлат департаменти DarkSide хакерлар гуруҳи ҳақидаги маълумот учун 10 млн долларгача мукофот ваъда қилди

АҚШ Давлат департаменти DarkSide хакерлар гуруҳининг асосий аъзоларининг шахси ва яшаш жойини аниқлашга ёрдам берадиган маълумот учун 10 млн долларгача мукофот ваъда қилди. Бундан ташқари, Давлат департаменти ушбу гуруҳ операцияларида қатнашмоқчи бўлган ҳар қандай мамлакат фуқароларига ҳибсга олишга ёрдам берадиган маълумот учун 5 млн долларгача мукофот ваъда қилмоқда.

Қўшма Штатлар шу йил бошида Америка Colonial Pipeline ёқилғи линиясига қилинган хакерлик ҳужумида DarkSide’нинг алоқаси бор деб ҳисобламоқда. Ушбу ҳужум АҚШнинг кўплаб ҳудудларида ёқилғи танқислигига сабаб бўлган — Интерфакс.


Украина президенти олигархлар тўғрисида қонунни имзолади

Украина президенти Владимир Зеленский олигархлар тўғрисидаги қонунни имзолаганини эълон қилди.

Унга кўра, мол-мулки яшаш минимумидан (2,19 миллиард грвн ёки қарийб 900 млрд сўмдан) ортиқ бўлган фуқароларнинг мамлакат сиёсий ҳаётига таъсири чекланади. Ҳужжат ҳали расман эълон қилинмаган.

«Мен йирик бизнес ва сиёсатчилар ўртасидаги муносабатларни тубдан ўзгартирувчи олигархияга қарши қонунни имзоладим. Энди барча иқтисодий иштирокчилар қонун олдида тенг бўлади ва ўзлари учун сиёсий имтиёзларни сотиб ололмайдилар. Биз қонунни бузишингизга рухсат бермаймиз!» — деб ёзди президент ўзининг Twitter саҳифасида.

Сентябрь ойи охирида Украина Олий Радаси олигархлар фаолиятини чекловчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Ҳужжатни қабул қилиш ташаббуси Зеленский томонидан илгари сурилган. Қонуннинг мазмун-моҳияти «олигарх» тушунчасини қонунийлаштириш, ушбу тушунчага кирувчи шахсларга нисбатан бир қатор тақиқлар киритиш ва уларни бузганлик учун жазо чораларини белгилашдан иборат — Коммерсантъ.