Тошкентдаги чанг-қумли туман туфайли нафас олишда муаммолар юзага келгани сабабли пойтахт аҳолиси тиббиёт муассасаларига мурожаат қилмоқда, деб хабар берилди Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази ва 1-шаҳар клиник шифохонасидан «Газета.uz»га.

1-шаҳар касалхонасидан соат 22:45 да «Газета.uz»га хабар қилинишича, тиббиёт муассасасига Юнусобод ва Шайхонтоҳур туманларидан икки нафар эркак нафас олиш қийинлиги шикояти билан мурожаат қилган. Ҳамширанинг сўзларига кўра, беморлардан бирида шамоллашдан кейинги қолдиқ йўтал бўлган ва касаллик ҳаводаги чанг миқдори ортиши билан кучайган.

«Маълум бўлишича, эркакнинг хонадонидаги дераза ва эшиклар очиқ қолган, бунинг натижасида каравот ва бошқа мебеллар устида чанг қопланган. Бемор каравотга ётганида, бўғила бошлаган», — дея маълум қилди шифохонадагилар.

Аллергология марказидан маълум қилишларича, соат 22:30 атрофида Олмазор туманидан астма билан оғриган кекса аёл тез ёрдам сўраб мурожаат қилган. Аллерголог Мираббос Нормуродовнинг сўзларига кўра, аёл уйда бўлган, лекин деразалар ёпиқ бўлишига қарамай, хонага чанг кириб, нафаси бўғилган.

Аллерголог аллергия ва нафас олишда муаммоларга дучор бўлганларга уйдан чиқмасликни, деразаларни ёпишни ва биноларни намлантиришни маслаҳат берди.

Аввалроқ пайшанба куни Тошкент шаҳри ва бошқа вилоятларда кузатилган чанг-қумли туман тупроқнинг қуруқ устки қатламларини кўтарган шамол туфайли юзага келди, деб хабар қилди Ўзгидромет. Пойтахт ҳавосидаги чанг миқдори меъёрдагидан 5 баробар ошиб кетди. Шу билан бирга, ҳаво ҳарорати нолдан пастга тушди.