Агар биз солиқ тўловчилар маблағларини сарфлашда ҳисобдорлик ва шаффофликнинг етарли даражада эмаслиги билан боғлиқ вазиятни ўнгламоқчи бўлсак, биринчи навбатда давлат корхоналари маблағларига ғазнадек муносабатда бўлишга чек қўйишимиз лозим.

Давлат корхоналарининг маблағларни «жамоат мақсадларида» ёки «хайрия» номи остида сарф қилишдаги жавобгарлиги ва ваколатларини сезиларли даражада чеклаш зарур. Давлат ташкилотларининг бундай «олижаноб» мақсадларга йўналтирилган харажатлари одатда квазифискал харажатлар деб юритилади — яъни асосан бюджет харажатларини такрорлайдиган, бироқ бюджет орқали ўтмайдиган [бюджетда акс этмайдиган] харажатлар.

Аксарият жамиятларда, айниқса ривожланган жамиятларда халқ сайлаган вакиллар ўз сайловчиларининг қанча миқдорда ва қандай тартибда солиққа тортилиши, шунингдек, бу солиқлар қандай ва қаерга сарфланишини ҳал қилади. Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас. Солиқлар ва бошқа тўловларни жорий қилиш парламент мавжудлигининг энг муҳим сабаби сифатида Конституциямизда ҳам мустаҳкамлаб қўйилган: 78-моддага кўра, бу Олий Мажлиснинг мутлақ ваколати ҳисобланади.

Депутатлар, «бюджетни тасдиқлаш» деб юритилувчи процедура доирасида, солиқ тўловчиларнинг пулларини қай тарзда ва қаерга сарфлаш юзасидан қарор қабул қилар эканлар, парламент ҳукумат зиммасига бюджетни қонун доирасида ижро этиш мажбуриятини юклайди.

Бюджет маблағларини истаганча сарфлаш мумкин эмас — ижро этувчи ҳокимият ва ҳудудий ҳокимликлар уларни фақат депутатлар томонидан қабул қилинган бюджетда кўрсатилган мақсадларгагина сарфлаш ваколатига эга. Бу солиқ тўловчиларнинг пул маблағлари фақат ўша солиқ тўловчиларнинг вакиллари — депутатлар — коллегиал тарзда белгилаб берган мақсадларгагина сарфланиши учун амалга оширилади.

Пулни қаерга сарфлаш — бу жуда нозик мавзу, барча фуқароларнинг пулларини қаерга сарф қилиш эса ундан ҳам нозикроқ масала. Шунинг учун ҳам цивилизациялашган жамиятлар давлат пулларини фақат ушбу жамият аъзолари энг муҳим деб ҳисоблаган эҳтиёжларга сарфлаш керак деган хулосага келишган.

Айтайлик, мен солиқларимнинг жамоат истироҳат боғларига сарфланиши тарафдориман, лекин кимдир давлат пуллари кутубхоналар учун сарфланишини хоҳлайди. Жамият ўз вакилларини сайлаш орқали пул маблағларини истироҳат боғлари ва кутубхоналар ўртасида қандай тақсимланишини ҳал қилади.

Демак, буджет маблағлари — маълум бир жамият вакилларининг келишуви натижасида аниқ мақсадларга ажратилган пуллар бўлиб, бу маблағларни бемақсад ва ўринсиз сарфланиш ёки ўғирланишдан ҳимоя қилувчи қатор қонуний чора-тадбирлар мавжуд.

Албатта, давлат пулларини ўғирлаш ёмон ва ҳаммамиз, айтайлик, бюджет маблағларини ўғирлаганларни ёқтирмаймиз. Лекин, назаримда, исрофгарчилик ўғирликка қараганда яхшироқ эмаслиги ҳақидаги ҳақиқатни кўздан қочиряпмиз. Менимча, бу ҳатто ёмонроқ ҳам.

Солиқ тўловчиларнинг бюджет таркибига киритилмаган маблағларининг маълум қисмини сарфлаш тўғрисидаги қарор депутатларнинг коллегиал қарори асосида қабул қилинмайди.

Ушбу ҳисобга олинмаган «бюджет»даги энг йирик «қисм» «квазифискал харажатлар» сирасига киради — бу давлат корхона ва ташкилотлари ўз хўжалик фаолияти натижасида оладиган, лекин уларни, айтайлик, бюджетга тўғридан-тўғри ўтказиш ўрнига, ижтимоий ёки бошқа «ҳайрия» мақсадларида сарфлайдиган маблағлардир.

Мисол учун, агар самолёт ишлаб чиқарувчи давлат корхонаси ўз маблағларининг бир қисмини истироҳат боғи ёки касалхона қуришга сарфласа, демак бу ҳолатда квазифискал харажатларга йўл қўйилмоқда.

Нима учун улар бюджетга тўғридан-тўғри ажратмалардан кўра ёмонроқ?

Биринчидан, бюджет пулларидан фарқли равишда уларни сарфлаш тўғрисида Олий Мажлис қарор қабул қилмайди, бу эса ўз-ўзидан Конституцияга унчалик ҳам мос келмайди. Давлат маблағларини сарфлаш масаласида гап унинг миқдори қанчалигида эмас: биз бу пул маблағлари йирик миқдорда бўлгани учун эмас, балки пул халқники бўлгани ва уни қандай сарфлаш тўғрисидаги қарорни жамият қабул қилиши кераклиги учун тегишли ваколатни парламентга берамиз.

Давлат корхонаси ўз хоҳишига ёки бошқа сабабларга кўра ўз маблағларининг бир қисмини айрим жамоат эҳтиёжлари учун сарфлашга қарор қилар экан, солиқлар ва бюджет мавжудлигининг асосий принципи бузилади. Қарорлар жамият томонидан эмас, балки компания раҳбарияти томонидан қабул қилинади.

Иккинчидан, бюджетдан ташқари харажатлар ҳисобдорлик ва маълумотларни бирлаштириш билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқаради ва шаффофликни таъминлашда жиддий қийинчилик туғдиради. Бюджет маблағларини сарфлашнинг жиддий тартиб-таомиллари мавжуд бўлса-да, давлат корхоналарининг квазифискал харажатлари аксарият бюджет қоидаларига умуман жавоб бермайди. Уларга кўпинча ҳисобдорлик ва жамоатчилик назорати билан боғлиқ қатъий талаблар камроқ қўйилади.

Бу ерда гап фақат бу пулларни ўғирлаш осонлигида эмас: бунда шаффофлик билан боғлиқ бошқа бир муаммо ҳам борки, бу пулларни қаерга йўналтириш бўйича танлов қай даражада шаффоф ўтказилганлиги ҳеч кимга маълум эмас. Масалан, давлат корхонаси томонидан болалар боғчаси қурилишига сарфланган маблағлар бюджетга киритилмаган ва бюджет ҳажмида акс этмайди.

Биринчи муаммо шундаки, болалар боғчаси ёки шифохона қуриш бўйича қарорлар парламент ёки туман (шаҳар) жамоатчилиги томонидан қабул қилинмайди.

Иккинчи муаммо шундаки, бу билан биз бюджетдан тушум ва харажатларни ҳақиқатда кам баҳолаймиз, бу эса ҳисобдорликни таъминлаш учун ёмон ва, энг асосийси, бизга бюджет харажатларимиз камдек туюлади.

Де-факто, мамлакатда ҳеч ким реал бюджетни ҳисоблай олмайди, чунки барча квазифискал харажатларни бирлаштиришнинг имкони йўқ. Шунинг учун, айтайлик, бизнинг давлат харажатларимиз ЯИМнинг атиги 32 фоизини ташкил этишини кўрсатувчи ҳисоб-китоблар камайтирилган ва ҳақиқий бюджет ҳажмини аниқлаш ниҳоятда мушкул.

Буни ҳисоблаш қийин, чунки квазифискал харажатларнинг аксарияти хайрия эмас ва аслида корхонанинг қандай харажатлари тижорий мақсаддаги бизнес харажатлар ҳисобланадию, қандай харажатлари квазифискал харажатлар ҳисобланади — билишнинг деярли имкони йўқ.

Аммо савол туғилади: агар квази-фискал харажатлар ёмон бўлса, нега биз бунга йўл қўйдик? Жавоб жуда оддий: стимуллар. Мисол учун, сиз вилоят раҳбарисиз ва олдингизда йўлни таъмирлаш вазифаси турибди. Сиз учун ҳудудингиздаги давлат корхоналарига йўлни таъмирлашни ёки ҳокимликка пул ўтказиб бериш тўғрисида айтиш ёки кўрсатма бериш бу пулларни бюджет орқали йўналтиргандан кўра анча осонроқ.

Нега бундай? Биринчидан, агар давлат корхоналари маблағлари бюджет орқали йўналтирилса, республика (алоҳида вилоят) маблағларни қанча ва қандай сарфлаётгани дарҳол маълум бўлади ва даромадга нисбатан харажатларни қисқартириш учун рағбат пайдо бўлади.

Иккинчидан, харажатлар улушини ошириш учун сиз ниманидир қисқартиришингиз керак ва бу сиздан етарлича сиёсий капитални талаб қилади (қатъият, ваколат, масъулият дегандек).

Учинчидан, бюджет орқали олган тақдирингизда ҳам, бу маблағлар юзасидан ҳисоб бериш ва назорат қилиш яна қийинчилик туғдиради.

Шунинг учун ҳам, келиб чиқадики, фискал харажатларни қоплаш учун, аксарият ҳолларда «Молия вазирлигининг пуллари» деб юритиладиган бюджет маблағларини эмас, балки давлат корхоналари маблағларини сарфлаш ҳамма учун қулайроқ экан. Бироқ бу маблағлар орқали шаффофлик ва ҳисобдорлик таъминланмайди.

Сиёсатчилар бу амалиёт нима учун ёмон эканлигини англаб етишлари ва унинг олдини олишлари лозим. Афсуски, етарлича қонунчилик аралашувисиз, давлат корхоналарининг йирик миқдордаги квазифискал харажатлари аксарият қарор қабул қилувчиларнинг манфаатларига мос келади.

Яъни, қонунчилик босимисиз, маҳаллий ҳокимият органлари, ҳатто, давлат ташкилотлари раҳбарларининг ўзлари ҳам бундай харажатларни камайтиришдан унчалик манфаатдор эмаслар — ахир, бундай харажатлар бўлмаса, унда самарасиз бўлиш учун ҳеч қандай сабаб қолмайди. Бугунги кунда давлат корхоналари раҳбарияти учун «жамоатчилик юки» шундай парда вазифасини ўтайдики, самарасизлик ва малакасизликнинг ҳақиқий манзарасини унинг ортига беркитиш имкони мавжуд.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин