Венецияда бўлиб ўтаётган 17-халқаро архитектура биенналесида Ўзбекистоннинг «Маҳалла: шаҳар ва қишлоқ ҳаёти» номли биринчи миллий павильони тақдим этилди. Кўргазма 22 май куни очилган ва 21 ноябрь куни якунланади.

Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси миллий павильон кураторлари сифатида швейцариялик архитектор ва тадқиқотчилар Эмануэль Крист ва Кристофер Гантенбейнни жалб этди.

Мутахассислар Тошкентнинг 10 дан ортиқ тарихий ва замонавий маҳалларини, шу жумладан, «Хаст-Имом», «Қўштут», «Гузарбоши», «Эски шаҳар», «Ачобод» ва бошқаларни таҳлил қилиб чиқишган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, замонавий дунё меъморлари нафақат қурилиш технологиялари, балки барқарор ривожланиш ва экология масалаларига ҳам эътибор қаратишади. Шаҳарсозлар барча маданиятлар ва жинслар учун инклюзив бўшлиқларни лойиҳалаштириш учун ечимлар топишга ҳаракат қилишмоқда. Маҳаллаларнинг паст қаватли қурилишлари — шу каби қарорлардан бири, чунки баланд бинолар ҳар бир инсонни жамиятдан узоқлаштиради. Агар биринчиси болаларни кўчага ўйнашга қўйиб юборишда камроқ ташвишланишга ва қўшниларга кўпроқ ишонишга имкон берса, иккинчиси ўзаро алоқаларни бутунлай узиб ташлайди.

Эмануэль Кристнинг фикрича, анъанавий ўзбек маҳалласининг энг ажойиб хусусиятларидан бири, бу — ҳар бир хонадонда зич бинолар ва кўп сонли одамлар яшашига қарамасдан, ҳовлининг мавжудлигидир. Бу замонавий меъморлар ва шаҳарсозлар излаётган саволнинг жавоби, Ғарб дунёсига номаълум бўлган — шаҳар фермерлигининг намунасидир.

«Табиатнинг мавжудлиги, уй-жойга интеграция қилинган эркин муҳит — маҳалла микрорежасининг ҳам шаҳарга, ҳам қишлоққа хос бўлган урбанистик хусусиятлари комбинациясидир», — деди Эмануэль Крист.


Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Ҳовли жойлашуви маҳаллий аҳолига мегаполис таркибида, бироқ ўзининг уйида турли хил қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришга имкон беради ва шу орқали ўзини қисман озиқ-овқат билан ҳам таъминлайди.

Қайд этиш жоиз, ерга яқинлик кўпинча кекса одамларнинг ёлғизлик масаласини ҳал қилади ва катта авлод вакилларини болалар билан яқинлаштиради.

Бу кўп хонадонли уй-жой билан боғлиқ муаммо, чунки маҳаллаларда одамлар анъанага кўра каттароқ оилалар даврасида истиқомат қилади.

Экспетлар боғ, ҳовли ва ердан қазиб олинган қурилиш материалларидан хом-ашё сифатида фойдаланишни экологик жиҳатдан қулай деб ҳисоблайди.

Маҳалланинг бошқа меъморий хусусиятлари қаторида Эмануэль Крист биноларнинг жойлашувида иқлимий хусусиятлар ва шамол йўналиши ҳисобга олинганини қайд этди.

Ҳудудларга қараб ушбу ёндошувлар ҳам ўзгаради. Тошкент маҳаллаларининг меъморий тузилиши Хива ва Бухоро мавзеларидан фарқ қилади.

Эмануэль Кристнинг таъкидлашича, маҳалланинг феноменаллиги нафақат меъморий ечимларда, балки маҳалланинг маъмурий бирлигида ҳам намоён бўлади. Турли мақсадлар учун бинолар (кўп қаватли ва якка тартибдаги уй-жойлар, бозорлар ва савдо марказлари) ва турли даврлар (XIX аср охиридан бугунги кунгача) маҳаллалар номлари билан умумлаштирилган.

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раҳбари Гаяна Умерова 26 октябрь куни бўлиб ўтган маҳалланинг келажаги ҳақидаги давра суҳбатида фонднинг асосий вазифаси — маҳаллий аҳоли турмуш шароитини яхшилаш ва ушбу маҳаллаларни сақлаб қолиш эканлигини таъкидлади.

Фото: Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси.

Молиявий имконият пайдо бўлганда Бухоро, Хива ва бошқа шаҳарларнинг тарихий турар-жойлари маҳаллий аҳолиси уй-жой меъморчилигига сезиларли ўзгартиришлар киритмоқда. Бир томондан меъморий мерос йўқолади, бошқа томондан эса одамлар ҳаёт шароитларини яхшилашмоқда.

«Биз ушбу қонунбузарликлар ҳақида биламиз, — деди Гаяне Умерова. — Бироқ бугунги кунда биз учун тўхтаб, келгусида қандай ҳаракатланишни тушуниб олиш муҳим… Бу муаммо билан бизни бошимиз қотган».

«Маданиятга чорловчи ташкилот сифатида биз учун ҳам, ҳокимликлар учун ҳам ушбу ҳудудларда одамлар яшашини давом эттириши муҳимдир. Бу катта баҳс-мунозара. Шу билан бирга, бизнинг жамоамиз — меъморлар, тарихчилар — биз бунга биргаликдаги ҳаракатларимиз билан қандай қилиб эришишимиз мумкинлигига йўл кўрсатади», — деди у.

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Гаяне Умерова маҳалла архитектураси, бу — Ўзбекистон меросининг бир қисми эканлигини таъкидлади. Мамлакатнинг меҳмондўстлиги рамзи ҳисобланмиш маҳаллий аҳолисиз бу мерос йўқотилади. Шунинг учун ҳам одамлар маҳаллаларда яшашни давом эттириши жуда муҳим.

«Маҳаллада истиқомат қилувчи одамлар ҳар куни канализация муаммоларига дуч келишади ва шунинг учун ҳам у ерда яшашни исташмайди. Агар биз уларга зарур шароитларни яратиб берсак, улар ўзларининг аждодларига қарашли уйларида яшашни хоҳлашади», — дея таъкидлади жамғарма раҳбари.