Россиялик эркак Metallica гуруҳидан 1 млрд доллар талаб қилиб судга ариза берди

Россия фуқароси судга Американинг Metallica рок гуруҳидан 1 млрд доллар ундиришни талаб қилиб даъво аризаси билан мурожаат қилган. Даъво Иван Хохлов томонидан 2 ноябрь куни Орел вилояти арбитраж судига берилган — Риа Новости.

Арбитр ҳуқуқий Telegram каналига кўра, у гуруҳнинг барча сўзлари ва мусиқалари, логотипи ва альбом муқовалари муаллифи эканлигини даъво қилмоқда.


Япония ва Германия Тинч океанида қўшма ҳарбий денгиз машғулотларини бошлади

Япония ва Германия 4 ноябрь куни Токио жанубида Тинч океанида қўшма ҳарбий-денгиз машғулотларини бошлади. Бу ҳақда Япония ўзини-ўзи мудофаа қилиш кучлари қўмондонлигига таяниб ТАСС нашри хабар берди.

Германия томонидан сўнгги 20 йил ичида Японияга ташриф буюрган илк ҳарбий кема — «Бавария» икки кунлик машғулотларда иштирок этади. Япония мудофаа вазири Нобуо Киси жума куни уни кўрикдан ўтказиши кутилмоқда. Япониядан «Самидаре» эсминеци машғулотларда қатнашмоқда.


Португалия Давлат кенгаши парламентни тарқатиб юбориш бўйича қарор қабул қилди

Португалия Давлат кенгаши президент Марсело Ребелонинг парламентни тарқатиб юбориш ва муддатидан олдин сайловлар ўтказиш тўғрисидаги таклифини кўпчилик овоз билан маъқуллади. Энди фақат давлат раҳбари тегишли фармонни имзолаши керак. Парламент тарқатилишига Португалия Коммунистик партияси ва Чап блокнинг бюджет лойиҳасини қўллаб-қувватлашдан бош тортгани сабаб бўлди, деб хабар берди Reuters.

Иқтисодиёт вазири Педро Сиза Виейра аввалроқ эрта сайловлар боши берк кўчадан чиқишнинг энг яхши йўли бўлиши мумкинлигини айтган. У ҳукумат ўз олдига қўйган мақсадларига эришишда давом этишини таъкидлади. Бироқ, таҳлилчиларнинг айтишича, парламентни тарқатиб юбориш сиёсий боши берк кўчадан чиқиш йўли бўла олмайди, чунки ҳеч бир партия парламентда доимий тарзда кўпчилик ўринларни қўлга киритиши қийин.


Грузиянинг амалдаги президенти Саакашвилини ҳеч қачон афв этмаслигини маълум қилди

Грузия президенти Саломе Зурабишвили мамлакатнинг собиқ раҳбари Михаил Саакашвилини ҳеч қачон афв этмаслигини ва бу масалани бошқа муҳокама қилмоқчи эмаслигини айтди. Зурабишвили, шунингдек, Саакашвилини сиёсий маҳбус деб ҳисобламаслигини таъкидлади.

«Собиқ президент на сиёсий маҳбус, на бегуноҳ қурбон мезонларига тўғри келади. У мамлакатга ўз ихтиёри билан ва ноқонуний йўл билан келган. Унинг келишидан мақсади беқарорлик эди», — деди давлат раҳбари.

Шу билан бирга, у Адлия вазирлигини Саакашвилини «махсус маҳбус» деб ҳисоблашга ва унинг аҳволининг ёмонлашиши ҳақидаги тахминлар мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштиришга уринишларга сабаб бўлмаслиги учун унинг соғлиғига ғамхўрлик қилишга чақирди — ТАСС.


Эрон 29 ноябрда ядровий битимга қайтишини маълум қилди

Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Али Бакери-Кани 3 ноябрь куни Эрон томони 29 ноябрь куни Венада ядровий дастури бўйича Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режаси (JCPOA) музокараларида қатнашишини маълум қилди. Бу ҳақда Интерфакс нашри хабар берди.

«Энрике Мора (Европа Иттифоқининг JCPOA бўйича Вена музокаралари бўйича координатори) билан телефон орқали суҳбатда биз 29 ноябрь куни Венада музокараларни давом эттиришга келишиб олдик», — деб ёзди Бакери-Кани ўзининг Twitter'даги саҳифасида.

Европа Иттифоқи Ташқи ишлар хизмати, ўз навбатида, ушбу санани тасдиқловчи пресс-релиз эълон қилди. Унда музокараларда Хитой, Франция, Германия, Россия, Буюк Британия ва Эрон вакиллари иштирок этиши таъкидланган.

«Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел номидан Қўшма комиссияга Европа ташқи ишлар хизмати бош котиби ўринбосари Энрике Мора раислик қилади», — дейилади хабарда.


Япония бош вазири бир вақтнинг ўзида икки лавозимда фаолият юритмоқчи

Япония бош вазири Фумио Кисида мамлакат ташқи ишлар вазири лавозимини ушбу лавозимга янги вазир тайинлангунга қадар шахсан ўзи бажаради.

«Ҳукуматнинг навбатдаги таркибига қадар мен ташқи ишлар вазири вазифасини бажараман», — деди у пайшанба куни журналистларга. Япониянинг амалдаги ташқи ишлар вазири Тоcимицу Мотеги 4 ноябрь куни расман мамлакатнинг ҳукмрон Либерал-демократик партияси бош котиби лавозимини эгаллади ва шу тариқа ташқи ишлар вазири лавозимини бўшади — ТАСС.


Франция президенти Ангела Меркелни Фаҳрий легион ордени билан тақдирлади

Франция президенти Эммануэл Макрон ҳозирда Германия канцлери вазифасини бажараётган Ангела Меркелга Фахрий легион унвонини топширди. Франциянинг энг олий мукофотини топшириш маросими Франциянинг Бургундия виночилик минтақасида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Коммерсантъ нашри хабар берди.

«Менга жуда кўп нарсани ўргатганингиз учун сизга раҳмат айтмоқчиман… Қадрли Ангела, бизнинг Европамиз учун қилган барча ишларингиз учун раҳмат», — деди Макрон Ангела Меркелни мукофот билан тақдирлаш муносабати билан қилган нутқида. Франция президенти Ангела Меркел канцлер сифатида фаолият юритаётиб, «барча бурилишларга қарамай», Европа бирлигини сақлашга катта ҳисса қўшганини таъкидлади.

Фахрий легион ордени Францияда 1802 йилда Наполеон Бонапарт томонидан таъсис этилган. У ҳарбийлар ҳамда фуқароларга тинчлик ва уруш даврида мамлакат олдидаги улкан хизматлари учун берилади, шунингдек, бошқа давлатлар фуқароларига ҳам берилиши мумкин.


Туркия ҳукумати Twitter’да Эрдўғонни ҳақорат қилган 30 кишига нисбатан жиноий иш очди

Туркия Хавфсизлик бош бошқармаси президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳақида ҳақоратомуз постлар тарқатган 30 нафар Twitter фойдаланувчисини аниқлади. Департаментнинг хабар беришича, ушбу шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Жиноят иши очилишига фойдаланувчилар томонидан Эрдўғонга нисбатан «#death» (ўлим) сўзи билан қўлланган ҳештеглар сабаб бўлган. Бу ҳақда ТАСС нашри хабар берди.

Расмийлар бундай хабарлар Жиноят кодексидаги ҳақорат қилиш, президентга ишончни сусайтириш, дезинформация ва манипуляция қилиш моддаларини бузган деб ҳисоблаган. Терговчилар томонидан тўпланган ҳужжатлар ва далиллар суд органларига юборилган. Агар бу одамлар айбдор деб топилса, қамоқ жазосига ҳукм қилинади.