Америка Қўшма Штатларининг Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (Сenters for disease control and prevention) томонидан бутун дунё бўйлаб COVID-19 га чалиниш хавфи кўрсаткичлари акс этган рўйхатни эълон қилган.

Унда Ўзбекистон касалланиш ҳолатлари номаълум мамлакатлар рўйхатида қолмоқда.

«Ўзбекистондаги ҳозирги вазият номаълум бўлгани учун ҳатто тўлиқ эмланган саёҳатчилар ҳам COVID-19 вирусини юқтириш ва тарқалиш хавфи остида бўлиши мумкин. Саёҳатчилар Ўзбекистондаги тавсиялар ёки талабларга амал қилишлари, жумладан ниқоб тақишлари ва бошқалардан 6 фут масофада бўлишлари керак», — дейилади изоҳда.

Мазкур рўйхатда Марказий Осиёдан Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ҳам ўрин олган.

«Ушбу манзилларга саёҳат қилишдан сақланинг. Агар сиз ушбу манзилларга саёҳат қилишингиз керак бўлса, саёҳатдан олдин тўлиқ эмланганингизга ишонч ҳосил қилинг», — дея қайд этди CDC.

Қирғизистон эса юқтириш хавфи паст бўлган давлатлар рўйхатига киритилган.

Ўзбекистон ССВ маълумотларига кўра, 3 ноябрь куни мамлакатда 290 нафардан зиёд кишида коронавирус инфекцияси аниқланиб, касаллик қайд этилганлар сони 187 085га етди. Вирусдан 3 нафар бемор вафот этган. Пневмонияга чалиниш ҳолатлари аниқланмаган.