Октябрь ойи ҳолатига давлат хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар томонидан жами 9090 та қонун бузиш ҳолатлари содир этилгани аниқланди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Давлат хизматлари агентлиги Бухоро вилоят бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, шундан давлат хизматларини кўрсатиш муддатларини бузиш — 3298 та, фуқаролардан ортиқча ҳужжат талаб қилиш — 277 та, тўғридан тўғри давлат хизматлари кўрсатиш — 766 та, мурожаатни асоссиз рад этиш — 147 та ҳамда бошқа турдаги қонун бузилиш ҳолатлари — 4594 тани ташкил этган.

Мисол тариқасида фуқарога «Агробанк» Вобкент туман филиали томонидан кредит бўйича қарздорлик мавжуд ёки йўқлиги ҳақидаги хулосани бериш кечиктирилгани айтилмоқда.

«Фуқаро С.Турсунова ипотека кредитига Давлат субсидиясини олишни сўраб давлат хизматлари марказига қилган мурожаати белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун комиссия аъзоларига юборилган. АТБ „Агробанк“ Вобкент туман филиали томонидан тегишли хулоса 13 иш куни кечиктирилиб берилган. Ваҳоланки, тижорат банклари мазкур хулосани 10 иш кунида бериши белгиланган», — дейди ДХА вилоят бошқармаси бош мутаҳассиси Санжар Раҳматуллаев.

Мазкур ҳолатлар юзасидан 197 та маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 265 та огоҳнома ва 42 та тақдимнома киритилган.

197 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка, 8 нафари эса интизомий жавобгарликка тортилган.